Бугун, 4 март - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил топган кун. Ушба сана муносабати билан вазирликда тадбир бўлиб ўтди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхон Худойберганов сўзга чиқиб, ўтган давр мобайнида вазирлик томонидан юртимиз аҳолиси ва ҳудудларини табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, аҳолини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланишига оид билимларини мустаҳкамлаш, қутқарув тузилмаларини замонавий авария-қутқарув техникалари ва воситалари билан таъминлаш, моддий техник базасини такомиллаштириш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди ва вазирлик тизими ходимларини қизғин қутлади.
Қувонарлиси, бугунги кунда тизимда фойдаланилаётган махсус тезкор авария-қутқарув транспортларининг қарийб 60 фоизи Самарқанд, Андижон ва Хоразмда ишлаб чиқарилган “ИСУЗУ”, “МАН” ва “ДАМАС” автомобиллардан ташкил топган.
Хорижий марказлар билан табиий офатлар ва фалокатлардан муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Жанубий Корея, Япония, Украина, Латвия ва бошқа мамлакатлар билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Табиий офатларни камайтириш халқаро стратегияси ва Табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича Осиё маркази каби халқаро тузилмалар доирасида фавқулодда вазиятлар хавфининг олдини олишга доир илғор амалий тажрибаларни алмашиш борасида самарали фаолият олиб борилмоқда.

Тадбир давомида вазирликнинг бир қатор хизматчилари ва ҳарбий хизматчилари вазирлик томонидан таъсис этилган "Аъло хизматлари учун" кўкрак нишони билан тақдирландилар.






