АсосийJinoyat

10 минг АҚШ долларини ноқонуний сотиб олган шахсларга ҳукм ўқилди

'10 минг АҚШ долларини ноқонуний сотиб олган шахсларга ҳукм ўқилди'ning rasmi

Валюта билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Мазкур жиноят, энг аввало, мамлакат иқтисодиётига жиддий хавф солади, миллий валютанинг бар­қарорлигига таъсир қилиб, инфляция жараёнининг кескинлашувига шароит яратади.

Чет эл валютаси билан боғлиқ барча молиявий операциялар Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги томонидан белгиланади. Хусусан, мамлакатимизда чет эл валюталарини миллий валютага ёки аксинча, миллий валютани чет эл валютасига алмаштириш банк шохобчаларда амалга оширилмоқда. Лекин баъзи фуқаролар валютани ноқонуний равишда олиш ёки ўтказишга ҳаракат қилишмоқда.

Фуқаро В.Собиров, Ф.Номонов ва С.Умаровлар (исми-шарифи ўзгартирилган) олдиндан жиноий тил бириктиришиб, гуруҳ бўлгани ҳолда 2018 йил 21 ноябрь куни аризачи Ш.Деҳқоновга Фарғона вилояти, Қўштепа тумани Сармозор м.ф.й. ҳудудида жойлашган қурилиш моллари савдо базасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қиймати 8277 сўм 53 тийин бўлган 1 АҚШ долларини 8.250 сўмдан сотиб олишга келишиб, умумий киймати 82.775.300 сўм бўлган 10.000 АҚШ долларини қонунга ҳилоф равишда 82.500.000 сўмга сотиб олишган вақтларида тезкор тадбир жараёнида ушланишиб, улардан 82.500.000 сўм ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи В.Собиров, Ф.Номонов ва С.Умаровларнинг содир этган жиноий ҳаракатлари жиноят иши ва суд мажлисида тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топди. Судланувчилар суд мажлисида айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонликларини билдириб кўрсатув беришди.

Судланувчиларга суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан қонун доирасида жазо тайинланди.

Ш.Шамшиев,

Жиноят ишлари бўйича

Қўштепа туман судининг раиси

    Бошқа янгиликлар