АсосийJamiyat

Қашқадарёлик маҳалла раиси кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағни ўзлаштириб юборди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Ўртадара» маҳалла фуқаролар йиғини раиси кам таъминланган оилалар учун ажратилган пулларни турли йўллар билан талон-тарож қилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Uz24.uz хабар бермоқда.

Маҳалла раиси Туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази меҳнат инспектори билан биргаликда қалбаки далолатномалар тузиб, бир неча фуқарога жами 47 миллион 555 минг сўм миқдорида нафақа тайинлаб, шундан 39 миллион сўмдан зиёдроғини нафақа пули сифатида тўлаб юборади ва бу жиноий ҳаракатлари билан бюджет маблағига катта зиён етказади.

Маҳалла раиси ўзидан аввал ишлаган собиқ оқсоқолнинг аёли ва келини номига қалбаки ҳужжатлар асосида 900 мингдан зиёд нафақа пулини тўлаб юборган. Қолаверса, текширувлардан аниқланишича, маҳалла посбонининг турмуш ўртоғи номига учта ҳолатда бир миллион 444 минг сўмдан зиёд, ўз хотини, синглиси ва қизига ҳам «кам таъминланган оила»лар сифатида икки миллиондан ортиқ нафақа пулини ёзиб юборган.

Шунингдек, раис ва унинг шериклари «Ўртадара» МФЙда 2009—2013 йиллар давомида қалбаки йиғилишлар ўтказиб, далолатномаларга фуқароларнинг даромадлари тўғрисида сохта маълумотлар ва ёзувлар киритган.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди юқорида баён этилган жиноят ишини кўриб чиқиб, судланувчиларга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

    Бошқа янгиликлар