Ҳозирги кунда Чилонзор туманида жойлашган кўплаб вақтинчалик қурилмалар ва савдо расталари, савдо-сотиқ объектлари тартибга келтирилмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, барча тадбиркорлар иш бошлаб, бунинг учун жой танлаётганда ва ҳужжатлар тайёрлаётганда шаҳарсозликка оид талаблар билан таништирилади.
Билдирилишича, бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 41-сонли ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2009 йил 4 мартдаги “Тошкент шаҳар ҳудудида аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 115-сонли қарорлари асос бўлиб хизмат қилади.
“Фотолавҳаларни кузатиб, аҳоли турар жойларига туташ ҳолда барпо этилган қурилмалар оралиқ масофаси нуқтаи назардан ҳам, ташқи кўриниши ва жиҳозланиши бўйича ҳам қурилиш нормаларига зид бунёд этилганини англаш қийин эмас. Шаҳар барчамизники, уни кўркамлаштириш ҳам гўзаллигини сақлаш ҳам ўз қўлимизда”, - дейилади ҳокимлик хабарида.






