«Бухоро» халқаро аэропорти биринчи марта Бирлашган Араб Амирликларидан чартер рейс билан учиб келган Boeing-787 Dreamliner самолётини қабул қилди ва хизмат кўрсатди. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси хабар бермоқда, деб ёзмоқда kun.uz.
Хабар беришларича, ушбу воқеага аэропортдаги парвозларга масъул барча хизматлар томонидан катта тайёргарлик кўрилган. Хусусан, Boeing-787 самолётининг ўзига хосликларидан келиб чиқиб, аэропорт ходимлари билан алоҳида машғулотлар ҳам ўтказилган.
Миллий авиакомпания матбуот хизматининг қайд этишича, «Орзулар лайнери»да учиб келган экипаж аъзолари ва меҳмонлар Бухоро ҳаво бандаргоҳи мутахассислари ҳақида энг илиқ фикрларни билдириб ўтишган.
«Газета.uz»нинг ёдга солишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 2016 йил ёзида иккита Boeing-787-800 Dreamliner самолётларини қабул қилиб олади.
Dreamliner самолёти халқаро Dream Tour тақдимот парвозлари доирасида 2012 йил ёзида Ўзбекистонда бўлган эди.





