Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.
Сенат раиси Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган, Асосий қонунимиз негизида яратилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгаллаётганини қайд этди. Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш - муаммоларини ҳал этиш ва уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Бу йўлда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва уларнинг самаралари қисқа даврда жаҳон жамоатчилигининг назарига тушди, жамиятимиздаги тарихий ўзгаришлар дунё миқёсида эътироф этилмоқда.
Энг муҳими, жамиятнинг қайси жабҳасида ва қандай кўламда бўлмасин, ҳар қандай ислоҳот замирида, аввало, инсон манфаати ётибди.
Шу боис жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар Ўзбекистоннинг янги ва дадил қадамларини ҳамда халқчил сиёсатини олқишламоқда, ўзининг самимий хай-рихоҳлигини амалда намоён этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Давлатимиз раҳбарининг ташаббусларини қўллаб- қувватлаб, Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фондини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бу билан давлатимиз том маънодаги глобал муаммо ечимига бутун дунё эътиборини қаратишга ниҳоят муваффақ бўлди.
Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни самарали рўёбга чиқариш мақсадида келгуси икки йилда 1,5 млрд. долларлик 800 га яқин лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилгани том маънодаги инсонпарварлик сиёсатининг исботидир.
Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси маъқулланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафеълигида тарихимизда илк маротаба Самарқандда ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юртимиз тарихини ўзига хос саҳифа билан бойитди.
Шунга ҳам алоҳида эътибор қаратиш жоизки, Самарқанддаги Форум жараёнида Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демо- кратик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Мазкур Меморандум парламент қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини яна бир янги босқичга олиб чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро ҳамжамият томонидан инсон тараққиёти юқори даражада ривожланган мамлакат сифатида эътироф этилаётган Ўзбекистон мисли кўрилмаган миллий юксалиш даврига қадам қўйди.






