АсосийJamiyat

Андижонда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг 40 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди

'Андижонда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг 40 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди'ning rasmi

Андижон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Андижон ҳарбий прокуратураси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ташкиллаштирилди.

Унда Андижон шаҳридаги мулкчилик шакли турлича бўлган 45 та ташкилот 1000 дан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Андижон гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни давом эттириш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш юзасидан ўтказилган ярмаркада Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, шунингдек, вилоят давлат идоралари раҳбарлари қатнашди.

Ярмарка давомида ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг 40 нафари ўзларига маъқул бўлган ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

Бундан ташқари, Андижон гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари билан очиқ мулоқот ва сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларнинг мавжуд муаммолари ҳам ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, бу каби ярмарка бугун, 11 декабрь куни Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида ҳам ўтказилди. Тошкент шаҳрининг 3 та тумани бўйича ташкил этилган ярмаркада жами 150 га яқин ҳарбий хизматчиларнинг оилалари иштирок этди.

30 дан ортиқ давлат ташкилотлари ўзларининг бўш иш ўринлари билан қатнашган ярмарка якунида 60 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига йўлланмалар тақдим этилди.

Бу турдаги меҳнат ярмаркалари республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар