Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро йўналишлардаги автобуслар қатнови яна биттага кўпайди. Бугун Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан йўлга чиққан автобус Тошкент автовокзалига етиб келди.
“Туркистон – Тошкент – Туркистон” халқаро автобус йўналиши масофаси 335 км бўлиб, йўналишга сарфланадиган вақт 6 соат 40 дақиқани ташкил этади. Йўналишнинг ҳаракат жадвали бўйича Қозоғистон Республикасининг “Жибек жоли” ва Ўзбекистон Республикасининг “Ғишт кўприк” чегара масканлари орқали ўтилади. Мазкур халқаро автобус йўналишида Ўзбекистон томондан “Узавтотранс сервис” МЧЖ ва Қозоғистон Республикаси томонидан “Бақдаулет Сервис” компаияси фаолият кўрсатади.
Ушбу йўналишда қатновларни ҳар куни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Йўналиш бўйича йўл кира хаққи тарифи Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида 50 000 сўм, Қозоғистон пул бирлигида 2000 тенге этиб белгиланган.
Айни дамда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан йўлга қўйилган халқаро автобус йўналишларда Автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёни устувор тартибда амалга оширилади. Бу эса йўловчилар учун муҳим ва аҳамиятли ҳоллардан биридир. Йўловчилар чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.
Йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус жиддий техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Автобусларнинг санитар ҳолати ҳам назорат остида. Қолаверса, ушбу автобуслар GPS навигация тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу автотранспорт воситасини тўлиқ назорат этиш имконини беради. Мазкур йўналишларда энг сўнгги русмдаги замонавий автобусларда йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Шундай қилиб, қўшни Қозоғистон Республикасига йўлга қўйилган мунтазам халқаро автобус йўналишлари сони 6 тага етди. Булар, “Тошкент- Чимкент” (январь ойидан), “Тошкент- Олмаота”(апрель ойидан), “Тошкент- Қизилўрда”(июль ойидан), “Нукус- Ушкунур”(август ойидан), “Чирчиқ- Ушкунур”(14 ноябрдан) йўналишларида амалга оширилмоқда.






