Coscom (Ucell бренди) мобил операторининг 94 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Telia швед-фин компанияси ўзининг барча улушини 215 млн доллар эвазига (қарзларсиз) Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасига сотди, дея хабар қилди компания матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, мобил операторига аввал Uzmobile миллий оператори директори бўлиб ишлаган Владимир Кравченко раҳбарлик қилади.
"Шартнома Telia "New Generation Telco" компанияси стратегияси доирасида Евроосиё бозорини тарк этиш ҳамда Шимолий ва Болтиқбўйи ҳудудларидаги фаолиятини кенгайтириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ амалга оширилди", - дея изоҳ берди Telia президенти ва бош ижрочи директори Йохан Деннелинд.
Маълумот учун, Ucell компаниясига 1996 йилда Coscom бренди остида асос солинган. 2007 йилнинг июлида TeliaSonera Coscom`нинг асосий акционерига айланди. 2008 йил июлида оператор Ucell бренди остида ишга тушди.






