АсосийJamiyat

Адлия вазирлиги барча ташкилотлардан ҳужжат лойиҳаларини ўзбек тилида муҳокамага қўйишни сўради

'Адлия вазирлиги барча ташкилотлардан ҳужжат лойиҳаларини ўзбек тилида муҳокамага қўйишни сўради'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда ўзбек тилининг ўрни (аниқроғи ўрни йўқлиги) ҳақида кенг жамоатчиликда кўп эътироз ва шикоятларга дуч келамиз, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

Энг муҳим қонунлардан тортиб, идораларнинг қарор ва буйруқларигача одатда рус тилида ишлаб чиқилиши, рус тилида муҳокамага қўйилиши ва ҳаттоки фақат рус тилида қабул қилиниши (қонунлар бундан мустасно) ўз-ўзидан кўпчиликка ёқмаслиги табиий.

Билдирилишича, шундай муҳокамалар пайтида 22 ноябрь куни Адлия вазирлиги барча вазирлик, идора ва ташкилотларга (жами 120 та) хат чиқариб, юртимизда «Давлат тили ҳақида»ги қонун борлигини яна бир бор эслатиб, бундан кейин муҳокама қўйилаётган лойиҳаларни албатта давлат тилида (яъни ўзбек тилида), зарурият туғилганда эса бошқа тилларда порталга жойлаштиришни сўраган.

Хатда айтилишича, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ҳамда эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.

«Бироқ, ўтказилган таҳлиллар аксарият ҳолатларда норматив-ҳуқуқий лойиҳаларни ишлаб чиқувчи вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун фақат рус тилида жойлаштирилаётганлигини кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолат кенг жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда ҳамда муҳокама жараёнида уларнинг иштирок чекланишига олиб келмоқда», – дейилади хатда.

    Бошқа янгиликлар