АсосийSport

Умид Аҳмаджонов Сеулда Осиё таэквондо уюшмаси президенти билан учрашди

'Умид Аҳмаджонов Сеулда Осиё таэквондо уюшмаси президенти билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов хизмат сафари билан Жанубий Кореяга жўнаб кетди. МОҚ раҳбарига ушбу сафар давомида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов ҳамроҳлик қилмоқда. Бугун улар мамлакат пойтахти Сеул шаҳридаги “Hyatt Park Seoul” меҳмонхонасида Осиё таэквондо уюшмаси президенти Ли Кю Сёк билан учрашди.

Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов ва Аҳмаджон Раҳимов Осиё таэквондо уюшмаси раҳбарини мамлакатимизда таэквондони ривожлантириш дастури, мазкур спорт тури бўйича мактабгача таълим муассасаларида ҳам тўгараклар очиш режаси билан таништирди. Бу бўйича бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, жаноб Сёк Ўзбекистон Миллий университетидаги таэквондо ва спорт фаолияти кафедрасига келиб, маъруза қилиш учун таклиф қилинди. Ўз навбатида, Осиё таэквондо уюшмаси раҳбари мазкур таклифга ижобий жавоб қайтарди.

Шунингдек, режага биноан январь ойида Марказий Осиё таэквондо ассоциациясининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу тадбирга Ли Кю Сёк ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Ташкил этиладиган янги ассоциация раҳбарлигига Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов асосий номзод бўлиб турибди.

Бугун шунингдек, кун давомида таэквондони ривожлантириш бўйича яна бир неча учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар