АсосийJamiyat

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шартли душманни йўқ қилди

'Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шартли душманни йўқ қилди'ning rasmi

26 ноябрь куни бошланган Мудофаа вазирлиги қўшинларини қўққисдан мажмуавий текширишнинг учинчи босқичида ҳарбий округларнинг бирлашган гуруҳлари мамлакат ҳудудини ҳимоя қилиш бўйича ўқув-жанговар вазифаларни бажарди.

Кун давомида қўшинлар алоҳида йўналишдаги мудофаа чизиғини кенгайтириш мақсадида мамлакат ҳудудига кирган шартли ноқонуний куч тузилмалари ва қўпорувчи гуруҳларни қидириш ҳамда йўқ қилиш бўйича комплекс амалий машғулотларда қатнашди. Барча машғулотлар, ўқув жойлари реал жанг шароитига яқинлаштирилган ҳолда олиб борилиб, кўникмалар мустаҳкамланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, махсус тактик ўқувлар “Термез”, “Шўрсу”, “Каттақўрғон”, “Нукус” ҳамда “Фориш” полигонларида шиддат билан ўтказилди.

Бундан ташқари, текширув режасига кўра, Мудофаа вазирлигининг разведка, махсус ва десант-штурм бўлинмалари шахсий таркиби ҳарбий-транспорт авиациясига қарашли самолётлар, штурм ва қўниш имкониятига эга Ҳарбий ҳаво кучлари вертолётлари ёрдамида турли модификацияли паршютлардан фойдаланган ҳолда десантлаштиришни амалга оширди. Шартли қуролли куч тузилмаларини йўқ қилиш бўйича ўтказилган барча тадбирлар белгиланган муддат ичида муваффақиятли якунланди.

Тактик ҳаракатларнинг тўртинчи куни якунида қўшинларнинг юқори жанговар тайёргарлиги, бўлинмаларнинг уюшқоқлиги ва белгиланган вазифаларни бажаришга шай экганлиги намоён бўлди.

    Бошқа янгиликлар