Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базаси версияси бўйича энг самарали фаолият кўрсатаётган олимларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда тақдирланган Шаҳло Турдиқулова Ўзбекистонда аҳоли генетикасининг популяцияси бўйича тадқиқотлар олиб борган. Унинг бир қанча мақолалари Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базасига жойланган бўлиб, мақолага энг кўп иқтибос келтирилганлиги олиманинг мазкур мукофотни қўлга киритишига туртки бўлган.
Шунингдек, олиманинг ўзбек генетикаси мавзусига бағишланган икки мақоласи жаҳонда тан олинган “Nature” журналида чоп этилган. Олиманинг айтишича, унинг ўзбек генетикаси устида олиб борган тадқиқотлари айни дамда медицина соҳаси учун ҳам жуда аҳамиятли ҳисобланади. Тадқиқотда аниқланишича, Ўзбекистон аҳолиси ошқозон-ичак касалликларига мойилроқ бўлиб, бизда ўт-пуфак ҳамда юрак-қон томир касалликлари ҳам кўп учрайди.
Айни пайтда Ўзбекистон аҳолисининг дори препаратларга генетик жиҳатдан мойиллиги ўрганилмоқда. Бу эса генетик маркерларга асосланиб, ҳар бир беморга таъсир этувчи дори ёзиб берилиши имкониятларини очиб беради. Олиманинг илмий ўрганишларида ўзбек популяцион генетикаси йўналиши ҳам мавжуд. Унда Шаҳло Турдиқулова ўзбек генетикасининг келиб чиқиши илдизлари бўйича тадқиқотлар олиб борган.
Ҳозирда у ўзбеклар орасида сайидларнинг келиб чиқиш генетикаси борасида тадқиқотлар олиб бормоқда.






