Ўзбекистон мудофаа вазирининг ташаббуси билан бир гуруҳ ёш ижодкорлар Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирига ташриф буюрди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
15 нафар ижодкор ҳарбий қисмни айланиш чоғида вертолётлар ҳамда танклар иштирокида амалга оширилган ўқув-жанговар машғулотларни кузатдилар. Айниқса, 2,5 минг метр баландликдаги вертолётдан бирин-кетин сакраётган парашютчиларнинг маҳорати барчани лол қолдирди.
Ёш ижодкорлар учун ушбу экскурсияни ташкил этишдан мақсад, Ўзбекистон армиясининг салоҳияти билан уларни яқиндан таништириш, ҳарбийлар билан очиқ мулоқотлар уюштириш ва ҳарбий мавзуда асарлар, шеърлар яратишида кўмаклашишдан иборат эди. Мудофаа вазири Абдусалом Азизов ижодкор-ёшлар билан суҳбатлашар экан, яхши шеър ёки асар бирдан туғилмаслигини, аммо ушбу таассуротлар қачонлардир яхши ижод намунаси ёзилишига туртки бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Мудофаа вазири ҳозирда ҳарбий-ватанпарварлик ҳақидаги асарлар деярли йўқлигини, айниқса, жанговар қўшиқлар ниҳоятда кам, борлари ҳам у қадар таъсирли эмаслигини, йиллар мобайнида тилдан-тилга ўтиб келаётган саф қўшиқлари эса ўзининг бадиий қийматини йўқотганини қайд этиб, ижодкорларга бу борада ёрдамларини аямасликларини сўради.
Меҳмонлар ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлар уюштирди, улар яшаётган, таълим олаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
“Биз бугун Мудофаа тизимимизнинг куч-қудратини ўз кўзимиз билан кўрдик, мамлакатимиз ҳарбий салоҳияти ҳақида етарлича таассурот олдик. Мана шу танишув давомида мени бир нарса кўп қувонтирди. Бугун армия чинакам маънода халқ билан бир тану бир жон бўлиб бормоқда. Бир пайтлар “ёпиқ қозон” бўлган тизимнинг ўзи бугун бағир очиб турибди. Бу, албатта, ёшларнинг Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчга яқинлаштиряпти. Осмондан тартибсевар қушлардек қаторлашиб учиб келаётган парашютчи десантчиларнинг ерга омон-эсон тушиб олишини киприк қоқмай, нафасни ичга ютмай кузатдик, уларнинг маҳоратига таҳсинлар айтдик”, — дейди шоир Исломжон Қўчқоров.
Ташриф якунида бир дунё таассурот олган ижодкорлар кейинги сафар янги ижод намуналари билан қайтишга ваъда бериб, ҳайрлашдилар.






