Олий Суд, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлигининг масъул раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Навоий вилоятида сайёр қабул ва суд жараёнлари ўтказди, деб хабар бермоқда "Халқ сўзи" нашри.
Уларнинг натижасида 47 нафар маҳкум Жазони ижро этиш маҳкамасидан озод этилиб, 4 оила сақлаб қолинди, даъвогарлар фойдасига 4495,3 млрд. сўм маблағ ундириш қарори чиқарилди.
Мазкур ишчи гуруҳ жорий йилнинг 14-15 ноябрь кунлари вилоят ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳбусларга яратилган шароит ва улар учун қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва меъёрларнинг таъминланишини ўргандилар. Шунингдек, жазо муддатини ўташ даврида қилмишидан чиндан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига кирган 47 нафар маҳбусни озод этиш, 20 нафар озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни сақлаш шароитини ўзгартириш тўғрисидаги тақдимномаларни қаноатлантирди.
Ишчи гуруҳи икки кун мобайнида вилоят ва туманлардаги халқ қабулхоналарида жами 78 нафар фуқарони қабул қилиб, улардан 15 нафарининг мурожаатлари назоратга олинди. 63 нафарига эса тегишли суд идораларига мурожаат этиш ҳуқуқи ва тартиблари тушунтирилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судларида эса мазкур кунларда ишчи гуруҳ томонидан жами 96 та фуқаролик иши кўриб чиқилди. Никоҳни бекор қилиш бўйича кўрилган ишларда ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан тўрт оилани яраштиришга эришилди.
Навоий вилоят маъмурий судларида жами 163 шахсга нисбатан 126 та маъмурий ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилиб, 56 шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик огоҳлантириш чораларига алмаштирилди. Навоий вилоят иқтисодий судларида эса икки кун давомида 62 та иқтисодий иш сайёр суд мажлисларида кўрилиб, даъвогарлар фойдасига 4495,3 млрд. сўм маблағ ундириш қарори чиқарилди.






