Одатда энергетика тизимини бутун сайёрамиз ҳаётининг қон-томирларига қиёсланади. Чунки, электр энергиясиз наинки жамиятнинг бирор тармоғи, балки кундалик маиший ҳаётимизни ҳам тасаввур этолмаймиз.
Сир эмас, бугун мамлакатимиздаги ечимини кутаётган муаммолардан бири бу электр таъминотидир. Аҳолининг турли юқори ташкилотларга йўллаётган мурожаатларининг ҳам катта қисмини электр таъминотидаги узилишдлар ташкил этади. Кейинги икки йилда жойларда бу муаммо бироз бўлса-да ҳал этилгандек. Кўпгина ҳудудларда олдингидек муттасил узилишлар кузатилмаяпти.
Мамлакатимизнинг энергия таъминотига бўлган талаб ва эҳтиёжларини тўлақонли таъминлаш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йиллар давомида паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури доирасида 2,5 миллион нафардан ортиқ истеъмолчининг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 34 минг километр электр тармоқлари ҳамда 6,9 минг дона трансформаторни модернизация қилиш бўйича 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда йилига 57 миллиард кВт/соатдан зиёдроқ электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Истиқболли режаларга асосан, 2030 йилга бориб мамлакатимизда 100 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқилиши мўлжалланган.
Шу билан бирга жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизнинг турли бурчакларида янги станциялар барпо этиш, эскиларини таъмирлашга эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда муқобил энергияларидан ҳам унумли фойдаланиш бўйича бир қатор ҳуқуқий меъёрлар қабул қилинган. Ана шу қарор ва фармонлар ижроси юзасидан “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси базасида Қуёш энергияси институти ташкил этилди. Яқин тўрт йили ичида “Sky Power Global” халқаро клмпанияси билан ҳамкорликда қувват 1000 МВТ га тенг Қуёш фотоэлектр станициясини ишга тушириш мўлжалланган.
Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 5 январь куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида ҳам мамлакат тарихида биринчи марта АЭС қуриш бўйича Россия билан шартнома имзоланганини таъкидлади.
"Росатом" корпорацияси бош директори Алексей Лихачевнинг фикрича, Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши мамлакат энергетикасининг истиқболдаги имкониятларини белгилаб беради. Ушбу объект қурилиши даврида 6 минггача киши иш билан таъминланади ва станция ишга тушгач, яна 2 мингга яқин киши иш жойига эга бўлади. Қуввати 2,5 ГВт.ни ташкил этувчи ушбу объект қурилиши мамлакатнинг ички энергия таъминотидаги муаммоларни ҳал этибгина қолмай, хорижга ҳам электрни экспорт қилиш имкониятини беради.
Бир пайтлар минтақа давлатлари ўртасида юзага келган совуқ муносабатлар энергетика тизими ривожига маълум тўсиқларни яратганди. Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилииши, Ўзбекистоннинг “Фарҳод” ГЭСи ҳуқуқий мақомининг ноаниқлиги, Қирғизистон билан ҳам айрим келишмовчиликларни мисол келтириш мумкин.Кейинги пайтларда қўшни мамлакатлар билан ҳар томонлама алоқаларнинг ривожланиб бораётган энергетика тизимидаги масалалар ечимида ижобий ўрин тутади.
Тошкентда 25 июнь куни "Электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболлари – орттирилган тажриба, хулосалар ва рад этилган афсоналар" мавзусида Халқаро конференцияда ҳам ана шу масалалар муҳокама қилинди. Мутахассислар фикрича, минтақадаги давлатлар ўзаро келишилган ҳолда ягона тизимни йўлга қўйиш келгусида ўз самарасини бериши мумкин.
Бугун мамлакатимизда энергетика иншоотларини модернизациялаш, электр станциялар қувватини ошириш бўйича Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки сингари йирик банклар ва молиявий муассасалар билан ҳамкорлик доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу масалада Тошкент, Навоий, Толлимаржон, Ангрен, Тахиатош иссиқлик электр-станцияларида янги лойиҳалар асосида замонавий қурилмалар ишга туширилди. “Ўзбекэенерго” ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 1 млрд 700 млн долларлик шартномалар имзоланди.
Бу борадаги ишлар албатта ўзининг ижоби самарасини беради ва жойларда электр энергияси таъминотидаги узилишларни камайтиришга хизмат қилади.
Бироқ бу билан муаммолар тўла ҳал бўлиб қоладими? Албатта йўқ. Чунки, мамлакатимизда энергетика тизимида ҳали кўплаб ислоҳотлар олиб боришга тўғри келади. Чунки, шу пайтга қадар мазкур тизими давлат монополияси асосида фаолият юритиб келди. Бу борада хусусий секторга йўл берилмади. Хорижий сармоялар киритилмади. Тизимдаги иншоотларнинг асосий қисми совет даврида қурилган бўлиб, улар бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 32,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг йил сайин ўсиши ўз-ўзидан турли моддий заҳираларда, жумладан электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.
Жаҳон Банкининг ҳисоботига кўра, аҳоли жон бошига электр қуввати истеъмоли тобора пасайиб бораётган мамлакатлар қаторидан ўрин олган Ўзбекистонда 10 та иссиқлик электр станцияси ва 32 та ГЭС фаолият кўрсатади. Электр энергиясининг ўн фоиздан кўпроғи ГЭСлардан, қолган асосий қисми иссиқлик электр станцияларидан олинади. Ҳар йили мамлакатда 55 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилса-да, бу ички эҳтиёжларимизни тўла-тўкис қоплашга етмайди. Мамлакат бўйича паст кучланишли электр тармоқларининг 67 фоизи эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда.
Бюджет ташкилотларида ишлайдиган, асосан, ўқитувчилар, шифокорларнинг ишлатилмаган энергия учун маошидан, пенсионерларнинг нафақа пулидан асоссиз равишда ушлаб қолишлар охирги пайтларда авжига чиққан.
Мамлакатнинг бундай мураккаб вазиятга тушиб қолишига “Ўзбекэнерго” компанияси фаолиятидаги хато ва камчиликларни бош сабабчиси сифатида кўрсатиш мумкин. Тизимдаги юқори раҳбар органларидан тортиб, қуйи бўғинходимлари ўртасидаги ўзибўларчилик ва талон-тарожлик ҳолатлари, ишга совуққон муносабат, коррупциянинг авжига чиққани, аввало, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, дебитор қарздорликни камайтириш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди.
Энергия таъминоти ходимлари ва истеъмолчилар ўртасидаги ноқонуний оғзаки битимлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Яъни уй эгаси “свет”дан фалон минг сўмга етган қарзини енгиллатмоқчи. “Электр тармоқлари” ходими эса, энди “энди нима қиламиз, акагинам” деб кўзини чақчайтириб турибди. Бундай ҳолатда кўпчилик давлат олдидаги виждон олдидаги бурчини эмас, беш-тўрт сўм тежаб қолишни ўйлайди. Шу тариқа “ҳисоблагилар” орқага қайтарилади, қарзлар камайтирилади. Қарабсизки уй эгаси ҳам, текширувчи ҳам хурсанд. Фақат давлат хазинасига зиён етказилгани қолади холос. Бу ҳолатлар йиллар давомида, минглаб, миллионлаб маротаба юз берса-чи? Унда давлат қанчалик зарар кўришини бир тасаввур қилинг а?
Айрим ташкилотлар, корхоналар, маиший хизмат шохобчалари, хонадонлар томонидан электр энергиясидан бутунлай ўғринча фойдаланаётгани ҳақида ҳам истаганча мисол келтириш мумкин. Текширувчилар бундай ҳуқуқбузарликларни сезиб қолган тақдирда ҳам иш айбдорнинг жарима тўлаши билан эмас, “ўзаро келишув” билан ечим топади. Табиийки, “текширувчилар”ни ҳам текширувчилар бор, уларни “тергаб” турадиган раҳбарлар бор. Ва улар топганини ўз раҳбарлари билан “арра” қилиши” керак. Бу каби муаммолар “урчиб” ётган пайтда энергетика таъминотидаги муаммоларни батамом ҳал этиш мумкинми?
Албатта мумкин! Энг аввало энергетика иншоотларини модернизациялаш, янги технологияларни жорий қилиш зарур. Тизимдаги коррупция ҳоалтларига ҳам тубдан барҳам берилиши лозим. Бунинг учун эса, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этиш керак. Аҳоли хонадонлари, корхона ва ташкилотларни янги, замон талабларига хос ҳисоблагичлар билан таъминлаш зарур. Соҳадаги ходимлар фаолиятини ҳам қатъий назоратга олиш талаб этилади.
Дарвоқе, ушбу тизимнинг шу пайтгача зарар ботқоғига ботиб келаёганига яна бир сабаб нархларнинг сунъий равишда пасайтириб юборилганидир. Шу пайтга қадар бу неъмат истеъмолчиларга ўз таннархидан ҳам пастроқ қийматга сотиб келинган. Бу эса, мамлакат энергетика тизимининиг қарз ва зарар ботқоғига ботишини тезлаштирган.
Келинг, шу ўринда қўшни ва хорижий мамлакатларда 1 кВт электр энергиясининг нархини таққослаб кўрайлик: Маълумотларга кўра, долларни ташкил қилади, Россияда 0,05 доллар, Арманистонда 1 кВт/соат электр энергияси нархи ($) 0,07–0,09 доллар. Эронда 0,04, Озарбойжон – 0,04–0,06, Белорусия – 0,06–0,1, Грузия – 0,05–0,09, Германия 0,37, Туркия – 0,32, Украинада– 0,03, АҚШ – 0,09 – 0,3, Японияда – 0,26, Австралияда 0,29 Дания – 0,30 АҚШ долларидан сотилади. Бизда якка таротибдаги истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, 228 сўм 60 тийин қилиб белгиланган. Бу тахминан 0,027 долларга тенг. Демак, бошқа давлатларга қараганда анчагина арзон.
Аммо, фақат нархдаги тафовут билан мақтаниб бўлмайди. Ҳолбуки, аксарият давлатларда, масалан Туркияда нарх-наво биздан 12 баравар қиммат. Аммо, уларда на шаҳар, на қишлоқда узилиш деярли кузатилмайди. Бошқа Европа давлатларида ҳам шундай. Чунки, ушбу мамлакатларда энергетика тизимида давлат монополиясига чек қўйилган. Истеъмолчиларга ўнлаб, юзлаб хусусий компаниялар электр энергияси етказиб беради. Табиийки, рақобат катта. Ҳар бир компания имкон қадар сифатли ва узлуксиз хизмат кўрсатиб, ўз мижозлари сонини оширига интилади. Ўз-ўзидан тармоқда ўғирлик ҳам, “текширувчилар” билан “келишувлар” ҳам, коррупция ва миллиардлаб зарар ҳам бўлмайди. Нархи қиммат бўлса-да, узилиш йўқ, сифат барқарор!
Биз ҳам энергетика соҳасида ислоҳотлар жадаллашишини истар эканмиз, жаҳон тажрибасини амалга қўллашимиз, аллақачон умрини яшаб бўлган иншоот ва қурилмаларни янгилашимиз хорижий ва маҳаллий инвесторларни кенгроқ жалб қилиб, тизимни тубдан ислоҳ қилишимиз керак. Энергетика соҳаси тизимдаги катта-кичик раҳбарларнинг қорнини тўйғазувчи коррупция ўчоғи эмас, бутун мамлакатнинг бу борадаги эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириб, Ўзбекистон иқтисодиётига фойда келтирувчи қудратли соҳага айланмоғи зарур.






