Хабарингиз бор, 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Ортда қолган мусобақа ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Ҳамюртларимиз Осиё ўйинлари давомида 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, умумий ҳисобда 70 та олтин медаль қўлга киритиб, медаллар сифати бўйича бешинчи ўринни эгаллашди.
Бугун, 21 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитаси биносида Осиё ўйинларида совриндор бўлган спортчиларимизни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимлиги мутасаддилари ва бошқалар иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири очиб берди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.
Шундан сўнг Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов «XVIII Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, Осиё ўйинлари олтин медали соҳиблари 5000, кумуш медал совриндорлари 3000, бронза медалига эга чиққан спортчиларимиз эса 2000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пули билан бирма-бир тақдирланишди.
Тадбир давомида яқин кунларда совриндор спортчиларимизнинг мураббийлари учун ҳам (олтин – 2500, кумуш – 1500, бронза – 1000) мукофот пуллари тақдим этилиши маълум қилинди.










