Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати муҳим жараён. Табиийки, бу жараёнда ёшлар масаласида тегишли ҳар қандай ислоҳот аҳамиятли.Кеча эрта тонгдан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Жиззах вилоятида старт олган «Ёшлар ҳафталиги»ни ҳам ислоҳотларнинг давоми сифатида ҳудудда истиқомат қилаётган ёшу кекса муносиб кутиб олди.
Ҳафталик қадимий анъанага мувофиқ, нафақат Жиззах вилоятининг балки, мамлакатнинг гуллаб яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, оғир ва мураккаб даврда халқ фаровонлиги йўлида фидойи хизмат қилган инсон, ёзувчи Шароф Рашидов хотирасини ёд этиб, пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди.
Шундан сўнг, фан, таълим, маданият соҳаси вакиллари, тажрибали психологлар, спорт усталари ҳамда нуфузли Давлат мукофотларидан таркиб топган Республика Ишчи гуруҳи аъзолари йўналишларга бўлинган ҳолда Зомин томон йўл олишди.
Зомин туманида барча ёшлар спорт мусобақалари атрофида бирлашди. Спортнинг қатор турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Маълумки, жорий йилнинг 5-март куни давлатимиз раҳбарининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Фармонга мувофиқ, илгариги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилиб, унинг вазифа ва ваколатлари кенгайтирилди.
Спортчиларни танлаб олиш – селекция ишларини такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий этилиб, бу ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади.
Август-сентябрь ойларида Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медальни қўлга киритди. Мамлакатимиз олтин медальлар сони бўйича 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида энг яхши натижа бўлди.
Шунинг учун бугунги кунда спорт каттаю кичикнинг энг севимли машғулотларидан бири ҳисобланади. Жиззах вилоятида ҳам кўплаб аҳоли ўзининг спортсеварлигини, жисмоний тарбияга иштиёқи баланд эканлигини кўрсатишди.
Биринчи кунданоқ Зомин тумани ва Жиззах шаҳрининг марказий кўчаларида маҳалла ёшлари иштирокида 5 км масофада салкам 1000 нафар ёшлар иштирокида марафон ўтказилди.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида қўл тўпи, волейбол, баскетбол, футбол, шахмат-шашка, стол тенниси, гимнастика, армрестлинг, тош кўтариш, кураш, бокс, сузиш спорт турлари бўйича 2 425 нафар ёшлар иштирокида мусобақалар ташкил этилди.
Бу борада, айниқса, спорт тадбирларига ёшларнинг қизиқиши юқори. Туман-шаҳарлар марказлари ва чекка-чекка қишлоқларда 23 та спорт олимпия, ноолимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, югуриш, кураш, шашка ва шахмат, сузиш, дзюдо, кикбоксинг, тош кўтариш, қўл тўпи арқон тортиш ва бокс мусобақалари доирасида 2 328 нафар ёш қамраб олинди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда вилоятда 542 та умумий ўрта таълим муассасалари, жумладан, 78 та академик лицей, 2 та олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, 30 ёшгача бўлганлар сони 450 минг нафардан ортиқ.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳафталик ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанни севиш, садоқатли бўлиш каби фазилатларни шакллантириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ёт ғоялардан асраш, спортга бўлган қизиқишларини янада орттириш, ёш оилалар ажримларининг олдини олиш, баркамол авлодни ижтимоий, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳафталик доирасидаги спорт мусобақаларида қатнашиб ғолибликни қўлга киритган ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ҳомийларнинг турли совғалари, дипломлари билан тақдирланишди.
Барча йўналишлар сингари ҳафталикнинг илк куниданоқ ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳрида «Ёшлар меҳнат ярмаркаси» ташкил этилди. Унда 16 та ташкилот ўзининг78 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Мазкур ярмарка давомида 22 нафар ёш ишга жойлаштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шу бугунга қадар таълим муассасалари сардорлари ва масъул идоралар вакиллари томонидан бу тартибда ишлар амалга оширилмаган.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳафталик ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанни севиш, садоқатли бўлиш каби фазилатларни шакллантириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ёт ғоялардан асраш, спортга бўлган қизиқишларини янада орттириш, ёш оилалар ажримларининг олдини олиш, баркамол авлодни ижтимоий, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар давом этади.






