Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент марказий эко боғда Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш кун”и муносабати билан “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғармаси ва бир қатор ҳамкор вазирлик ва идоралар билан бирга ташкил этилган тадбир эрта тонгда Амир Темур хиёбонидан Бобур номидаги Тошкент марказий экобоғигача масофадаги автомобиль йўлида веломарафон ташкил этилди.
Унда юзлаб каттаю кичик юртдошларимиз иштирок этди. Мазкур мусобақа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш, табиатга зарар келтирмайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
– Мазкур акция аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди БМТ Тараққиёт дастури масъул ходими А.Хўжаев. – Тадбир доирасида турли мусобақалар, танловлар ўтказдик. Унда кўплаб ёшлар фаол иштирок этди. Эндиликда автотранспорт воситаларисиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилишга, унинг барча қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишга оммавий чақиришга йўналтирилган “Автомобилсиз кун” ойлик акцияси мунтазам асосда республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилади. Мақсад соҳада йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасини таъминлашдир. Аҳолини табиатни асрашга жалб этишдир.
Акция доирасида боғда болалар учун расм чизиш бўйича ижодий танлов ва табиатга зарар етказмайдиган, мамлакатмизда ишлаб чиқарилаётган совутиш ускуналари ярмаркаси ҳам бўлиб ўтди.






