Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрига етиб келиб, “Afrosiyob” тезюрар поездида Шаҳрисабзга йўл олди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида 6—10 сентябрь кунлари Халқаро мақом фестивали бўлиб ўтади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Шаҳрисабзда Халқаро мақом фестивали очилиш маросимида иштирок этиб, фестивални очиб беради.
Мақом фестивали айнан Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилмоқда. Шу мақсадда Амир Темур ҳайкали ўрнатилган Оқсарой майдони ҳудудида ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий урф-одат ва анъналари, тарихий обидаларини акс эттирувчи намуналар ўрнатилган. Бу ерда турли саҳна кўринишлари, миллий куй-қўшиқлар, яллаю лапарлар ижро этилмоқда.
Халқаро мақом санъати анжуманида 75 давлатдан 300 дан ортиқ санъаткорлар иштирок этиш истагини билдирган. Маҳаллий электрон ва босма ОАВ вакилларидан ташқари кўплаб чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур анжуманни ёритиш учун рўйхатдан ўтган.






