2 сентябрь куни “GM Uzbekistan” узоқ кутилган «Очиқ осмон остидаги савдо майдончалари» янги акциясини йўлга қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
Шунингдек автомобилни “45 дақиқа ичида харид қилиш” ҳамда “Спарк” сотиб олган ҳар бир харидорга велосипед совға қилиш каби акциялари ҳам эълон қилинган эди.
Тошкент шаҳридаги «Сергели» автомобиль бозори ҳудудида ўтган дам олиш кунлари савдога энг талабгир «Спарк», «Кобальт» ва «Ласетти» русумли автомобиллари қўйилди.
Автосалоннинг илк иш кунида жами 3 млрд. 850 млн. сўмлик 40 дона автомобилга шартнома тузилди.
Дам олиш кунлари бўлишига қарамай, «Очиқ осмон остидаги автосалон» илк мижозларни қабул қилди, кун давомида уларнинг сони ортиб борди. Автосалон ходимлари харидорларга юқори даражада сервис хизмати кўрсатиб, максимал даражада қулайлик тақдим этишга ҳаракат қилишди. Харидорларнинг қизиқтирган барча саволларига жавоблар берилди, шартнома тузиш жараёнлари тезкор ва байрамона кайфиятда амалга оширилди.
Мижозлар салқин ичимлик ва ширинликлардан баҳраманд бўлиб, ўзларининг акция борасидаги таъсуротлари билан ўртоқлашишди. Соғлом ҳаёт тарзи йўлида амалга оширилаётган ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган айрим харидорлар уйларига айнан велосипедларда ҳам йўл олишди.
Одамларнинг ижобий фикрларини инобатга олиб, компания очиқ осмон остидаги автосалонларни доимий равишда бутун республика бўйлаб ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилишди.
Айни жараёнда очиқ осмон остидаги автосалонларда савдога 1475 дона «Спарк», «Кобальт» ва «Ласетти» русумли автомобиллари қўйилди. Компания харидорларнинг истак ва таклифларини инобатга олиб, автомобиллар сонини оширишга ҳамда яқин фурсатларда бошқа русумдаги ва турли комплектация ва рангдаги автомобилларни қўшишга ваъда берди.






