Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ЙПХБ ва Миллий гвардия шахсий таркиби хизматга жалб этилиб, 27 август куни Тошкент шаҳри ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган жами 398 та ҳолат аниқланган.
Унга кўра 15 нафар маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчи, 12 та светофорнинг қизил чироғига тўхтамаган, 22 та тегишли ҳужжатларсиз ҳаракатланган ҳайдовчилар, 2 та ЙПХ ходимига бўйсунмаслик ҳолатлари аниқланган.
Шунингдек, мавжуд тўловларни амалга оширмай (рухсатномасиз) тонировка ойнали автомобиль бошқарган 2 нафар фуқарога нисбатан чора кўрилган. Ундан ташқари 32 та одам ташиш қоидаларининг бузилиши, 52 та йўл белгиларига риоя қилмаслик, 3 та майда тўқнашув содир этганлар ва яна 113 та бошқа қоидабузарликлар аниқланган.
Статистикага кўра, Тошкент шаҳар ҳайдовчиларининг аксарияти хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланади. Ана шундай ҳайдовчилар кеча 110 нафарни ташкил этган, деб ёзмоқда ЎзА.






