АсосийJamiyat

Самарқанддаги мактаб-интернати директори ҳибсга олинди

'Самарқанддаги мактаб-интернати директори ҳибсга олинди'ning rasmi

Самарқанддаги мактаб-интернати директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

23.07.2018й. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига фуқаро М.Мирзаева мурожаат қилиб, ўз аризасида нисбатан ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таълим олаётган унинг фарзанди Э.Мирзаев ва бошқа тарбияланувчилар интернатнинг мансабдор ва масъуллари томонидан қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказилганлиги ҳақида хабар берди.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернати директори Ш.Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.)ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликларини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.

Вилоят СТЭ бюросининг 23.07.2018 йилги хулосаларига кўра, ариза берган М.Мирзаеванинг фарзанди М.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар “Енгил тан жароҳатлари” гуруҳига кириши аниқланган. Жиноят иши бўйича 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят СТЭ бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 23.07.2018 йилда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш.Садинов

ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” банди, 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб-интернати директори Ш.Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

Жиноят иши тергови вилоят прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча Самарқанддаги 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида болалар қийноққа солинаётгани, калтакланаётгани, жисмоний ва руҳий босим остида яшаётгани, яхши овқатлантирилмай, тез-тез оч қолдирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

    Бошқа янгиликлар