АсосийSiyosat

Шавкат Мирзиёев 61 ёшни қарши олди

'Шавкат Мирзиёев 61 ёшни қарши олди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июль куни 61 ёшни қаршилади.

Ўзбек ҳалқи ижтимоий тармоқлар орқали давлат раҳбари номига табриклар йўлламоқда.

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996—2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001—2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

1995—2003 йилларда Олий Мажлис депутати бўлган. Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

2016 йил 8 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Шавкат Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Зироат Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда уй бекаси.

    Бошқа янгиликлар