АсосийJamiyat

Тошкентда инглиз ва рус тилларида маъруза қилинувчи масжид барпо этилади

'Тошкентда инглиз ва рус тилларида маъруза қилинувчи масжид барпо этилади'ning rasmi

Олдинроқ футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Одил Аҳмедов, Турон якка кураши бўйича халқаро турнирлар ғолиби Наргиза Ваҳобхўжаева ҳамда яна бир қанча актёр ва спортчиларнинг Тошкентда масжид қуриш режаси борлиги ҳақида маълумот берилганди.

Хабарда бу ғояни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов қўллаб қувватлагани айтилган эди.

Шуҳрат Турдиқулов Наргиза Ваҳобхўжаевага Тошкентнинг Сергели туманида масжид қуришни тавсия этган.

ЎзА мазкур қурилажак масжид тақдири билан қизиқди.

Наргиза Ваҳобхўжаеванинг айтишича, у ҳамон масжиднинг ташкилий ишлари билан банд. Яъни ҳозирча масжид жойи аниқланмаган. Наргиза Сергели тумани ҳокими билан масжидга ажратилажак 40 сотих ерни бориб кўрган. Лекин Наргиза масжидни Тошкент марказида қуришни режалаштирмоқда. Нима учун айнан шундай эканлигини у қуйидагича изоҳлади:

“Аввал, масжидни Сергели туманида қуришни кўзлаган эдик. Кейинчалик, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг масжидлар билан ишлаш бўлими билан биргаликда пойтахт марказида қуришни маслаҳатлашдик. Масжид кичик бўлса-да, у шаҳар марказида бўлгани маъқул. Шунингдек, унда қорилар рус ва инглиз тилида ҳам маъруза қила олишлари керак. Мақсадимизда, шаҳримизга келган меҳмонлар учун, марказий меҳмонхоналарга яқин жойда масжид барпо қилиш ҳамда сайёҳлар учун бошқа тилларда ҳам маърузалар қилиниши кўзланган.

Мен актёр Ёқуб Аҳмедов билан биргаликда спортчи ва актёрлар ҳомийлигида қурилажак масжиднинг ташкилий ишлари билан шуғулланяпман. Актёр ва спортчилар мендан уларнинг номини ошкор этмаслигимни илтимос қилишган. Тўғриси, масжид қурилиши овоза бўлгач мени улар жуда кўп койишди. Ҳали бу маълумот учун ҳам мендан ўпкалашлари мумкин. Чунки бундай ишлар одатда овоза қилинмайди”, дейди Наргиза Ваҳобхўжаева.

    Бошқа янгиликлар