АсосийJamiyat

ЎзМАА Фарғонадаги кўзи ожиз болалар кутубхонасига ёрдам кўрсатади

'ЎзМАА Фарғонадаги кўзи ожиз болалар кутубхонасига ёрдам кўрсатади'ning rasmi

2018 йил 12 июль куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров Фарғона шаҳридаги Матбуот уйида оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа, ахборот-кутубхона ва китоб савдоси билан шуғулланувчи жисмоний шахслар, юридик шахсларнинг вакилларини қизиқтирган саволлар, шунингдек, уларнинг айрим муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш учун сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда ўнга яқин масалада мурожаатлар рўйхатга олиниб, уларнинг ечими юзасидан аниқ йўналишлар белгиланди, айримлари жойида ҳал қилинди.

Қабул иштирокчилари ҳудудда босма оммавий ахборот воситаларини тарқатиш соҳасидаги муаммолар ечими, ноширлик-матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, ишлаб чиқариш, уларнинг савдоси ва қоғоз хомашё базаси билан боғлиқ бир қатор таклифларни ҳам билдиришди.

Хусусан, М.Сулаймоновнинг хусусий секторга тегишли почта-тарқатиш ташкилотларининг ҳуқуқий механизмини бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, Ш.Аслоновнинг вилоят Ахборот-кутубхона маркази ташаббуси билан яратилган бир неча электрон адабиётлар – мультимедиа тўпламларини тарқатишга оид мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Тадбиркорлар Ж.Тожибоевнинг “Водий китоб фабрикаси”ни ташкил қилиш бўйича инновацион лойиҳа концепциясини амалга ошириш, Д.Абдуллаевнинг китоб савдо дўкони учун бино ажратиш юзасидан мурожаатлари алоҳида назоратга олиниб, ушбу масалаларни тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда, Агентлик томонидан ўз ваколати доирасида ёрдам берилиши таъкидланди.

Вилоятда ҳуқуқий тарғибот ва профилактика ишларини ёритишда фаоллик кўрсатаётган “Қонун ва ижро” газетасининг тарқатиш ҳудудини кенгайтириш мақсадида нашр фаолиятини такомиллаштириш бўйича А.Маликов мурожаати ҳал қилинадиган бўлди.

Фуқаро М.Акбарованинг вилоятдаги кўзи ожиз болалар кутубхонасини брайл ёзувидаги китоблар ва электрон адабиётлар билан тўлдиришда Агентлик кўмаги зарурлиги ҳақидаги мурожаати алоҳида назоратга олиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ечими юзасидан аниқ чора-тадбир белгиланди.

    Бошқа янгиликлар