АсосийJamiyat

Энг кўп туғилиш Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди

'Энг кўп туғилиш Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2018 йилнинг январь-июнь ойларида 324,3 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб (бу ерда ва бундан кейин туғилганларга фақат тирик туғилганлар инобатга олинган), мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 20 промиллени ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 промиллега ошган (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 19,5 промилле бўлган). Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Туғилиш коэффициенти 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Самарқанд (21,0 промилледан 22,9 промиллега) ва Қашқадарё (21,4 промилледан 22,4 промиллега) вилоятларида сезиларли ўсган бўлиб, аксинча сезиларли камайиш Навоий (19,8 промилледан 19,1 промиллега) ва Хоразм (16,7 промилледан 16,2 промиллега) вилоятларида кузатилди. Жами туғилганларнинг 31,6%и онанинг 1-фарзанди, 36,6%и онанинг 2-фарзанди ва 31,8%и онанинг 3-ва ундан юқори фарзандларига тўғри келмоқда.

Жами 324,3 минг нафар бола туғилгани қайд этилган бўлиб, шундан онасининг ёши бўйича туғилганларнинг 120,6 минг нафари (жами туғилганларга нисбатан 37,2%) 20−24 ёшлардаги аёллар, 115,8 минг нафари (35,7%) 25−29 ёшлардаги аёллар, 58,5 минг нафари (18,0%) 30−34 ёшлардаги аёллар ҳиссасига тўғри келган.

Январь-июнь ойларида 75,6 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффитсиенти 4,7 промиллени ташкил этди, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,2 промиллега камайди (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 4,9 промилле бўлган).

Ўлим коэффициенти 2017 йилнинг мос даврига нисбатан биргина Тошкент вилоятида (5,7 промилледан 5,8 промиллега) ўсган бўлиб, сезиларли даражада камайиши Навоий (4,7 промилледан 4,2 промиллега) Фарғона (5,0 промилледан 4,5 промиллега), Хоразм (4,6 промилледан 4,1 промиллега) Наманган (4,8 промилледан 4,4 промиллега) ва Андижон (5,5 промилледан 5,1 промиллега) вилоятларида кузатилди. Жами вафот этганларнинг 7,3%и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ёшдагиларга (2017 йилда 7,8%), 26,7%и меҳнатга лаёқатли ёшдагиларга (2017 йилда 26,7%) ва 66,0%и меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ёшдагилар (2017 йилда 65,5%) ҳиссасига тўғри келди. 2018 йилнинг январь-июнь ойларида вафот этганлар сони 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 минг кишига камайди.

Қайд этилган вафот этганларнинг 61,3%и қон айланиш тизими касалликларидан, 9,3%и ўсимталардан, 5,6%и бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,5%и овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,3%и нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,5%и юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,5%и бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 3,5 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 59,6%и перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 16,8%и нафас олиш аъзолари касалликларидан, 12,9%и туғма аномалиялардан, 2,2%и бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 2,0%и юқумли ва паразитар касалликлардан, 0,8%и овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 5,7%и бошқа касалликлардан вафот этган.


    Бошқа янгиликлар