Суратда: К.Аликов (ўнгдан биринчи) тенгдошлари билан.
Камол Аликовга яқинда Президентимиз томонидан таъсис этилган "Мард ўғлон" мукофотининг топширилиши замирида унинг мардлиги, букилмас иродаси сабаб бўлган бўлса ажабмас.
– 12 ёшимда ҳам отам, ҳам онамдан айрилиб, бемор холамнинг қарамоғида қолдим, – дейди Самарқанд туманида яшовчи К.Аликов. – Орадан бир-икки йил ўтгач, шароитнинг ўзи мени ишлашга, кун кўришга мажбур этди. Ресторанда хизматчи, қандолат цехида хамир қорувчи, ун ташувчи бўлдим. Орада мактаб, кейинчалик коллежда ўқидим. Кейин тадбиркорликка қўл урдим. Ортиқча маблағим йўқлиги боис бир муддат ширинлик ишлаб чиқариш цехларида тажриба орттирдим…
Шу тариқа Камол бир неча йил ўзининг тадбиркорлик ҳақидаги бизнес лойиҳасини қўлтиқлаб идорама-идора югурди. Дастлаб гаровга қўядиган мулки йўқлиги сабаб банкдан кредит ололмади. Тадбиркорликка оид кўплаб танловларда ўзини синаб кўрди. Бироқ ҳаракатлари самарасиз кетаверди.
Ёшлар иттифоқи ташкил топгач, ушбу ташкилотга бизнес-режасини тақдим қилди. Кўп ўтмай унинг лойиҳаси маъқул топилиб, 35 миллион сўм миқдорида фоизсиз кредит олишга муваффақ бўлди. Ниҳоят, ўтган йили 10 хилдан ортиқ ширинлик ишлаб чиқарувчи "Registon Kamoljon" хусусий корхонасини ишга туширди ва олти нафар тенгдошини иш билан таъминлади.
Бугун қилаётган ишидан қониқиш ҳосил қилган Камол ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзувчи "Тадбиркорлар клуби"ни очиб, клубнинг хайрия фонди ҳисобидан ишсиз ёшларни малакали мутахассис ва уста-ҳунармандларга бириктириш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашмоқчи.
– Яна 250-300 миллион сўм кредит олиш учун янги бизнес лойиҳамни ишлаб чиқдим, – дейди у. – Мазкур лойиҳам тасдиқланса, цехлар сонини кўпайтириб, яна 25 нафар ўзимга ўхшаган етим ва боқувчисини йўқотган ёшларни меҳнатга жалб қилмоқчиман. Қолаверса, фаолиятимни жаҳон миқёсида кенгайтириш учун янги бизнес-режа ҳам тайёрлаб қўйганман.
К.Аликовнинг кўп йиллик меҳнати ўз самарасини кўрсатди ва мана шундай давлат мукофотини олишига сабаб бўлди. Бу мукофот эса унинг қизиққан соҳаси бўйича олий ўқув юртида имтиёз асосида ўқиши учун имконият эшигини очди. Юксак маънавиятли, эркин фикрловчи, юқори салоҳиятга эга, юрт истиқболи учун хизмат қиладиган шундай фидойи ёшларнинг борлиги порлоқ келажакка бўлган ишончимизни янада оширади. Камолга ўхшаган жасоратли ёшларнинг борига шукур.
Бобохон СУЛТОНМАҲМУДОВ.
zarnewsдан олинди






