Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ФҲДЁ бўлимларида эмас туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштириш тартибини жорий этиш ҳақида петиция пайдо бўлди.
“Маълумки, ҳозирги кунда туғуруқхоналарда туғилган чақалоқларни қайд этиш гувоҳномаларини олиш бирмунча қийинчиликлар ва оворагарчиликларни юзага келтирмоқда. Чунончи, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун туғуруқхонадан тегишли маълумотномани олиб бир қанча йўл босиб, туман ФҲДЁ бўлимига боришга тўғри келади. У ерда дарровда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани қўлга киритиш амри маҳол”, - дейилади мурожаатнома матнида.
Қайд этилишича, соат 9.00 да иш бошлайдиган ФҲДЁ бўлимида соат 7.00 дан бошлаб тумонат одам навбатда туради. Навбат етиб, 3-4 соат деганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани қўлга киритасиз. Кейин эса гувоҳномани туғуруқхонага олиб боришга тўғри келади. Акс ҳолда туғуруқхонадан янги туғилган бола ва онасига уйига кетиш учун рухсат берилмайди. Шу сабабли амалдаги туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш тизимини такомиллаштириш керак.
Петиция муаллифлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ФҲДЁ бўлимида эмас, балки туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштиришни таклиф қилишмоқда. Мазкур таклифнинг амалга оширилиши фуқароларга кўплаб қулайликлар яратади.






