Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар жорий йилда жами 27 йўналиш бўйича бўлиб ўтадиган “Халқаро армия ўйинлари—2018”нинг 13 та йўналишида иштирок этади, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Мамлакатимиз ҳарбий хизматчилари “Қўшин разведкаси аълочилари” (Россия, Санкт-Петербург шаҳри), “Эльбрус ҳалқаси” (Россия Кабардино-Балкария), “Содиқ дўст” (Россия, Москва), “Йўл патрули” (Россия, Москва вилояти), “Мерганлик марраси” (Беларусь Республикаси), “Хавфсиз маршрут” (Хитой, Корла шаҳри), “Артиллерия устаси” (Қозоғистон), “Қуролсоз уста” (Россия, Пенза шаҳри), “Мусаффо осмон” (Хитой, Корла шаҳри), “Ҳарбий ралли” (Россия, Тыва вилояти), “Ҳарбий-тиббий эстафета” (Россия, Санкт-Петербург шаҳри), “Дала ошхонаси” (Россия, Москва вилояти), “Ҳамдўстлик жангчиси” (Арманистон) каби йўналишларда қатнашади.

Ўтган йилнинг 29 июлидан 12 августга қадар ўтказилган “АрМИ—2017” Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида бўлиб ўтган III Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари илк маротаба иштирок этганди.
Унда Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан келган 28 мамлакатнинг 150 дан зиёд жамоаси қатнашган, Ўзбекистон ҳимоячилари эса мазкур халқаро армия ўйинларида 29 та танловнинг атига 8 тасида қатнашиб, 5 та совринли ўринни қўлга киритганди.






