Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги оширилмоқда.
Президентнинг 2018 йил 20 июнда “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу жиҳатлар назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ:
- ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги оширилади, Мурувват ва Саховат интернат уйлари тизими янада ривожлантирилади;
- тиббий-ижтимоий муассасаларнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилиш бўйича имкониятлари кенгайтирилади;
- ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг сифати яхшиланади ва уларнинг турлари кенгайтирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бир ой муддатда 2018-2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича ҳудудий комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотли протезчи мутахассисларни тайёрланади.
Молия вазирлигига тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ва таъмирлашни молиялаштиришнинг амалдаги тартибини танқидий қайта кўриб чиқиш ҳамда мазкур соҳада ортиқча тартиб-таомилларни чиқариб ташлаш, ишларнинг шаффофлигини таъминлаш ва сифатини янада ошириш бўйича аниқ таклифларни киритиш вазифаси юклатилди.






