АсосийShou-biznes

Ёдгор Мирзажонов: “Боир Холмирзаевнинг тарсакисини унутмайман”

Лойиҳамизнинг галдаги қаҳрамони хонанда Ёдгор МИРЗАЖОНОВ. Кўрамиз, “Қизғонаман” дея хониш қилиб, қизларнинг ёқимтойига айланган хонанда бугун ҳаққоний жавобларини қизғонмасмикин?..

1. Ёдгор ака, шу кунгача “Қизғонаман”дек “хит” қўшиқ куйлолмаганингизни тан оласизми?

— Ундан кейин “Гўзалим”, “Сен учун”, “Алвидо”, “Нозигим”, “Эркалайин сени” каби ўнлаб “хит” қўшиқлар куйладим. Лекин тан оламан, бирорта қўшиғим “Қизғонаман” даражасида бўлмади.  

2. Балки ижодингизни юзага чиқаришда кўмаклашадиган бастакор, шоир тополмаётгандирсиз ё продюсерингизнинг сизга эътибори камайгандир?

— Омад тополмаяпман! Мусахон Нурматов, Нодир Азимов, Ботир Эргашев каби ижодкорлар билан ишлаяпман. Продюсерим ҳам имкон қадар эътиборини аямаяпти. Лекин тан олиш керак, рекламам фақат ТВ орқали бўлиб қолди. Худа хоҳласа, ҳақиқий омад олдинда.  

3. Рейтингингизни Отабек Муталхўжаевга бой бериб қўйганингиздан ачинмайсизми? 

— Менинг тенгдошларимдан қай бири рейтингини бой бермади? Ижод ҳам ҳаёт сингари баланд-пастликлардан иборат. Албатта, рейтинг мен учун муҳим! Аввалги машҳурлигим қайтишини истайман. Биласизми, ижодимдаги танаффусларнинг ҳам ўз ҳикмати бор, ўша дамда танаффус қилмасам бўлмасди...

4. Пойтахтдаги халқ хизматларида камнамосиз...

— Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман, ўйга толдириб қўйдингиз. Биласизми, вилоят тўйларида қўшиқнинг мазмунига эътибор қаратишади, шаҳарда эса ўйинбоп ва енгил қўшиқлар урфда. Мени эса бундай қўшиқларга ҳушим йўқ.

5. Ёдгор Мирзажонов ҳатто телебошловчиликни ҳам эплолмади...

— Тўғри! Осон касб деб ўйлардим. Телебошловчиликнинг ҳам ўз қонун-қоидалари, ҳар бир дастурга янгилик кирита олиш қобилияти бўлиш керак экан. Бу соҳага қобилиятим йўқлигини тан олган ҳолда қайтиб телебошловчиликка қўл урмайман.  

6. Ёдингиздами, Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти талабаси эканингизда диплом спектаклига кеч қолиб келганингиз учун Боир Холмирзаевдан тарсаки егандингиз. Шу тарсакидан хулоса чиқаргандирсиз?

— Эшикни очсам, мухлислар мени ўраб олиб, гулдасталарга кўмиб ташлашди. Саҳнага қарасам, Боир ака ўрнимга роль ўйнаётган экан. Салом беришга улгурмай қолганман... Очиғи, устознинг тарсакисидан сўнг масъулиятли одамга айландим. “Юлдузлик касаллиги”га учрамаслигимда ҳам ўша тарсакининг роли катта бўлди.  

7. Ҳозир сизни на ёш ва на катталар аудиторияси севиб тинглайди. Шу маънода келажагингизни қандай тасаввур қиляпсиз?

— Катталар аудиторияси меҳрини қозониш учун бугунги кунда классик қўшиқларни жонли ижрода куйлашни машқ қиляпман. Ҳатто халқ хизматларида ҳам жонли ижрода куйлаяпман.

8. Ёдгор ака, қўлингизда никоҳ узуги кўринмайди?

— Бу саволга жавоб беришни истамайман!

9. Сизни “Анвар Санаевнинг куёви” дейишади?

(Кулади) Йўқ, бу шунчаки миш-миш.

10. Махсус савол!

Нозима Воҳидова, тележурналист:

Отабек Муҳаммадзоҳид жонли ижрода тўхтовсиз 6 соат куйлай олишини айтганди. Сиз неча соат жонли ижрода куйлай оласиз?

— Овоз имкониятимдан келиб чиқсам, 5 соат куйлай оламан. Жонли ижрода куйлаш борасида муаммоим йўқ.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар