Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Осиё футбол Конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Ҳалифа таклифига биноан Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда МОҚ.
Сафар давомида Умид Аҳмаджонов мамлакат Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Аҳмад бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар Олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича музокаралар олиб боришди. Унда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари спортчиларининг қўшма машғулот ўтказишларига алоҳида урғу берилди.
Суҳбат давомида шунингдек Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари ҳамда 2020 йилда Токио мезбонлик қиладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни бўйича ҳам сўз борди.






