Охирги бекатларда транспорт воситаларининг келиш ва жўнаб кетиш вақтини қайд этиш, бекатларда транспортларнинг узоқ тўхтаб туриши, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари – бош муҳандиси Мирҳосил Холматовга асосланиб хабар бермоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” АК вакилининг сўзларига кўра, шаҳар йўловчи транспорти ҳаракатини масофадан туриб мониторинг қилишнинг янги тизими ҳам амалиётга муваффақиятли татбиқ этилди. Ушбу дастурланган аппарат транспорт воситалари турган жойни аниқлаш, уни харитада акс эттириш, унинг ҳаракатини, йўналишдан чиқиб кетиш ёки тезлик тартибининг бузилиши ҳолатларини кузатиш имконини беради. Шунингдек, мазкур тизим тезлик тартиби, жадвал ёки ҳаракатланиш пайтида оралиқ вақт бузилганда, авария ҳолати юзага келганда диспетчерга ҳайдовчи билан овозли режимда боғланиш ёки унга матнли хабар юборишга ёрдам беради.
Йўлкира тўлаш автоматлаштирилган тизимининг амалиётга татбиқ этилиши «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компаниясининг истиқболли лойиҳаларидан биридир. Бундай қурилмаларни транспорт воситаси эшикларига ўрнатиш, шунингдек, кондукторларга йўлкирасини йиғиш учун ихчам мосламаларни бериш режалаштирилмоқда. Йўловчи тўловни амалга ошириб, бир марталик чипта ўрнини босадиган чекни олиши мумкин.
Айни пайтда пойтахтимизда 157 йўналиш бўйлаб 1,3 мингдан зиёд автобус ҳаракатланмоқда. Йўловчи ташиш сифатини ошириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ўтган йили юзта янги «Mercedes-Benz» русумли автобус харид қилиниб, айни пайтда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.





