АсосийShou-biznes

Самандар ҲАМРОҚУЛОВ:“Жиним суймайдиганлар борлигини тан оламан”

Биз билган одамларнинг биз билмаган дунёси бор. Шу нуқтаи-назардан айниқса мухлислар севимли ижодкорининг “дунё”сига назар ташлаб, ундан бохабар бўлишни исташади. Бу имкониятни эса биз сизга тақдим этамиз! Лойиҳанинг илк қаҳрамони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Самандар ҲАМРОҚУЛОВ. Хонанда ва актёрнинг ким учун маълум, кимгадир мавҳум бўлган ҲАЁТИЙ ОБРАЗИ билан танишинг...

“Жиним суймайдиганлар борлигини тан оламан”

— Аслида дунёда ёмон одам йўқ. Ҳаётнинг оқими феълимизга таъсир қилмагани боис муносабатларда бироз тушунмовчилик ва келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Тўғрисини айтаман, мен ҳеч кимни ёмон кўрмайман! Лекин кўнглимга ёқмайдиган, жиним суймайдиган, ғашимни келтирадиган одамлар борлигини тан оламан. Улар билан муносабатда масофа сақлайман. Салом-алигим йўқ, десам ёлғон бўлади, кўришганда гаплашаман, лекин чин дилдан эмас.

“Аслида хатоларсиз яшаб бўлмайди”

— Хатоларим... Улар мени тарбиялаган, керакли хулосаларга етаклаган. Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади, дейишади. Хом сут эмган бандалар “бир неча бор” йўқотиши ҳам мумкин экан. Бошқаларнинг ҳаётидаги хатолардан эмас, ўзининг умри, қўйган қадамларидан хулоса қилгани маъқул. Хатоларим кўп... Аслида хатоларсиз яшаб бўлмайди. Аммо бутун умрини ХАТО билан яшайдиганлар ҳам бор, уларга ачинаман. Ҳайрон қоламан, улар ўз ҳаётини тўғри йўлда, деб билади. Қилаётган ишларини таҳлил ҳам қилиб кўрмайди. Шундай яшашдан қўрқаман.

Ишончдан ишончсизликкача...

— Одамларга ишонардим... Ҳозир анча ўзгардим. Ишонувчанлик фазилатдир, лекин ҳаддан ортиғи ҳаётингизга зиён келтириши исботланган. Баъзида танишлар меҳмондорчиликка чақиради. Аслида менда тайинли иши йўқ, шунчаки мендан фойдланади... “Мана бизни танишларимиз бор...”, деган мақсадда ўзининг бизнес лойиҳаларига йўл очмоқчи бўлади. Ишониб панд еяверганингиздан кейин ИШОНМАСЛИККА ўрганиб қолиш ёмон экан. Аслида бу дунёда ота-она, ака-сингил ва ёрингиз дўст! Уларчалик ҳеч ким сизга жон куйдирмайди. Бу бошқалар билан алоқаларни тамоман узиш,  дегани эмас, бу ҲАҚИҚАТ! Таниш-билиш, улфат, дўстлар талайгина, шукр, ҳаётимда уларнинг ҳам ўз ўрни, ҳурмати бор. Аммо мен учун ОИЛАМчалик ҳеч ким ёнмайди, буниси айни ҳақиқат!

“... варақлагим келмайди”

— Эслашни истамайдиган кунларим бор... Ҳаётимнинг ўша саҳифаларини “варақлагим” келмайди. Бу афсус эмас, шунчаки, ўша хотиралардан ўзимни озод қилгим келади.

“Ўзимдан ўзимгача...”

— Агар одам ўзини қадрламаса, атрофдан етарлича муносабат ололмайди. Ўзини яхши кўриш бу — ёмон туйғу эмас. Лекин меъёр ҳаммасидан муҳим. Биласизми, саҳнадан тушмай юрган одамнинг ишлари бирданига юришмай қолса, жуда катта руҳий зарбага учрайди. Бу оғир! Агар сиз ўзингизни мунтазам четдан таҳлил қилиб, керакли хулоса чиқаришга ўрганган бўлсангиз, бу вазиятда ўзингизни йўқотиб қўймайсиз!  Ишонаверинг, шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман.

“Кибрли нигоҳларни кўрсам юрагим оғрийди”

— Эътиборсизлик одамни синдиради. Кимдир таниса, кимдир ҳурмат қилиб дастхат сўраса ёки “болам билан расмга тушинг”, деса оғринмай, дилдан бу муносабатга жавоб бериш шарт! Мухлиснинг санъаткорда ҳамиша ҳаққи бўлади. Ким эдиг-у, ким бўлдик? Эслайлик, бир пайтлар шу кунлар учун интилмаганмидик? Кимдир танирмикан, дастхат сўрармикан, қачон мен билан бирга расмга тушишар экан, деб орзу қилардик-ку! Баъзида “болам билан суратга тушинг”, дейишса, болани кўтариб, менсимай кадрга қарашади. Сен кимсанки, бировнинг жон қадар азиз дилбандига шундай кибрли нигоҳ билан қарайсан?! Сени яхши кўриб, болам хурсанд бўлсин, деб келишди... Шундай ҳолатларни кўрганимда юрагим оғрийди. Мухлис билан кечадиган лаҳзалардан лаззатланиш, завқланиш керак! Ўша кўзлардаги меҳрдан куч оламиз, аслида... Орзулардан қочиш шартмикан?!

“Ҳаммадек яшай олмаслиги табиий!”

— Олқишлар! Ҳеч қачон чарчамасам керак. Ҳамиша қарсакларнинг овозини соғинишнинг завқи бошқача. Санъаткор ҳам одам, аммо у ҳаммадек яшай олмаслиги табиий!

“Мен ва чегара”

— Жаҳлимнинг чиқиши қийин. Аммо мен ҳам чегарадан чиқишим мумкин. Ҳаддан зиёд асабимга тегиш, ғазабимни келтириш қуюшқондан чиқишимга сабаб бўлади. Одамзод ҳар қанча иродали ва кучли бўлмасин, унда юрак бор, сабр косаси бор. У тўлади, тошади... аммо ақлли одам ўзини назорат қила олади.

“Ҳеч кимдан фойдаланмаганман”

— Санъатга илк бор қадам қўйган кезларимда ҳам, бугун ҳам бировнинг мавқеидан фойдаланмаганман! Қандайдир ниқоблар билан ўзимни яширишга интилмайман. Қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишларини истайман. Чунки, ўзимдан бошқа одам ясаб олсам, азиятни энг биринчи ўзим чекаман. ЎЗИМ бўлиб қолганим маъқул.

“Ёпилган эшиклар”

— Қачондир юз бериши мумкин бўлган жараёнлар ҳаётда кўп! Лекин уларни кутиб яшамаганман. Шунчаки, ҳар бир вазиятга ўзимни руҳан тайёрлашни маъқул кўраман. Мен учун ёпилган эшиклар бор, уларни очишга уринмаганман, сабр билан натижани кутаман. Ҳаётдаги ҳар бир ҳодисадан хайрли хулоса ясай олиш ЯШАШ САНЪАТИнинг асл қоидаси. Йиқилсам, аввало Худо, юрагим ва иродам-у яқинларимнинг меҳрига таянаман. Нимагадир эришсам ҳам шундай... Шукрона ва сабр менинг икки қанотим!

“Исёнкор эмасман”

— Ёнимдагиларни қийин аҳволда қолишини истамайман. Шунинг учун вазиятга мослашишга интиламан. Бу кимгадир ялтоқланиш эмас, ҳурмат ва суҳбатдошимнинг эркин фикрлаши учун кўмак. Кўникувчанман, исёнкор эмас. Аммо бошимга чиқариб қўйиб, кейин нима қилишни билмайдиган даражада мослашиш имконини ҳеч кимга бермайман.

“Отамга ўхшашни истайман!”

— Рустам Ҳамроқуловнинг ўғли эканим, бу — шараф ва маъсулият! Катта давраларда ҳамон отамни чексиз ҳурмат билан тилга олишади. Тўғрисини айтаман, қанийди мени ҳам ҳудди отам каби қадрлашса... Яратгандан бизни ҳам яхши сўзлар билан тилга олишларини сўрайман. Одам учун “ЯХШИ ИНСОН” деган мартабадан улуғи йўқ! 

Самандар ҲАМРОҚУЛОВ ҳақида...

“Ҳайратимни яшира олмагандим”

Муҳаббат ҲАМРОЕВА, журналист: — Самандар сабри ва бағри кенг йигит. У оилапарвар ва онапарвар. Балки кўпчилик уни замонавий йигитлардан, деб ўйлар, лекин Самандар ҳақиқий ўзбек йигити! Онасининг дуоси билан кўчага чиқади. Унинг ҳаётидаги бу ҳақиқатдан ҳайратимни яшира олмагандим.

“Унга ишонса бўлади”

Абдурайим АБДУВАҲОБОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Самандар ўзгармайдиган йигит! Уни фақат яхши фазилатлар билан тилга оламан. Бағрикенг, одамшинаванда ва оқибатли. Устазодалардан бўлгани учунми санъатни, санъаткорни ҳурмат қилади. Тарбияли ва энг муҳими унга ишонса бўлади.

Севдо НИЁЗОВА тайёрлади.

Фотомухбир: Зиёвуддин КАРИМБЕРДИЕВ

    Бошқа янгиликлар