АсосийJamiyat

Тошкентда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятининг ўн йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Куни кеча Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) Ижроия қўмитаси ташкил топганининг ўн йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расмий сайти хабар беради. Унда ШҲТ Бош котиби Дмитрий Мезенцев, МАТТ Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэн, МАТТ Кенгаши аъзолари, ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва ташкилотнинг мулоқот бўйича шериклари, шунингдек, МАТТ ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг қарорига мувофиқ 2004 йилнинг 17 июнида Тошкентда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг расмий очилиши бўлди.

Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органларига кўмаклашиш, уларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган.

Ўтган ўн йил давомида МАТТ томонидан ШҲТга аъзо мамлакатларнинг янги хавф ва таҳдидларга қарши курашда ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама ва икки томонлама механизмларини ўз ичига олган умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда мустаҳкам халқаро-ҳуқуқий база шакллантирилди, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Тадбир иштирокчилари минтақавий хавфсизлик масалалари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий диққат-марказида эканини таъкидлади. Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ШҲТнинг ваколатли органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида МАТТ Ижроия қўмитаси самарали иш юритаётгани қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар