9-30 июнь кунлари республикамиз бўйлаб “Юрт келажаги -2014” иқтидорли ёшлар танловининг туман ва вилоят саралаш босқичлари бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш истагини билдириб 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигит қизларнинг 54840 нафари ҳужжат топширишди.
16 июнь куни Тошкент вилояти Маданият ва Маърифат марказида “Камолот” ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
18 та туман, шаҳарлардан 4 мингдан зиёд ёшлар танловда иштирок этиш учун ариза беришган. Унда туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 350 нафар иқтидор эгалари иштирок этиб, ўзаро беллашишди.
Танловда ёшлар 5 та “Архитектура ва дизайн, либослар дизайни”, “Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар”, “Анъанавий ва амалий санъат”, “Иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни такомиллаштириш бўйича таклифлар”, “Адабиёт ва журналистика” йўналишларида 16 номинация бўйича қатнашишди. Ушбу тадбирга Олий таълим муассасаларидан мутахассислари таклиф этилди ва улар томонидан энг қобилиятлилари танланди. 45 нафар иштирокчилар декабрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичига йўлланма олди, бу ҳақда Тошкент вилояти “Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти кенгаши фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Зебо Самадова маълумот берди.





