Малайзиянинг Malaysia Airlines миллий авикомпанияси кафолатчилари уч ой олдин йўқолган Boeing 777 йўловчилари яқинларига товон пули тўлашни бошлади.
Сингапурнинг Straits Times газетаси хабар қилишича, малайзиялик олтита оила ва битта хитойлик оила 50 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули олишди.
Йўқолган йўловчилар оилаларига ёрдам бериш бўйича қўмита раиси ва қироллик ташқи ишлар вазири ўринбосари Хамза Зайнудин хабар қилишича, дастлабки тўловлар барча 239 нафар йўловчининг яқинларига тўланади.
Вазир ўринбосарининг айтишича йўқолган MH370 рейси иши тўлиқ ёпилмагунича, оилаларга товон пули тўлиқ тўланмайди. “Фуқаро авиацияси ҳалқаро ташкилоти қоидаларига кўра, ворислар авиаҳалокатга нима сабаб бўлишидан қатъий назар, улар уч баробар кўп миқдордаги товон пулига даъво қилишлари мумкин”, - дея қўшиб ўтди Хамза Зайнудин.





