Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратуранинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи иштирок этдилар.
Ҳайъат мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрсида”ги қарорининг ижроси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини комплекс текшириш якунлари муҳокама қилинди.
Мажлисда жорий йилнинг 1 апрелига қадар жами 69.497 нафар шахсга нисбатан амнистия акти татбиқ этилганлиги, уларнинг 43.082 нафари жиноий жавобгарлик ва жазодан, шу жумладан 3.237 нафари озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидан ва тергов ҳибсхоналаридан озод қилинганлиги таъкидланди, дея хабар беради Бош Прокуратура расмий сайти.
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан бўшатилган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясини таъминлаш, ишга жойлаштириш борасида ҳам тегишли тадбирлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Шулар билан биргаликда бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқид остига олиниб, бундай ҳолатларга йўл қўйган вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Бош прокурор томонидан вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар, тегишли тармоқ раҳбарлари, шунингдек Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи зиммасига амнистия қарорлари қонунлар ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлашда масъулиятни янада ошириш юзасидан қатъий вазифалар юклатилди.
Шунингдек, мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунида белгиланган вазифалар ва прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ишларни ташкил қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган муайян ишлар билан бир қаторда, айрим соҳаларда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги таъқидлаб ўтилди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори олдига қонунлар ижросига, айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган муносабатни кескин ўзгартириш ва назорат фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш борасида қатъий талаблар қўйилди.
Бош прокуратуранинг бошқарма ва бўлимлари раҳбарларига Қорақалпоғистон Республикасида тегишли соҳалар бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Ҳайъат мажлисида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижросини таъминлаш учун жойларга юборилди.





