Куни кеча Тошкент ахборот технологиялари университетида алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ярмаркада алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчи 40 дан зиёд корхоналар, шунингдек давлат органлари мавжуд иш ўринлари тўғрисида маълумотлар билан қатнашдилар. Тадбирнинг мақсади компания ва корхоналарга ёш, истеъдодли ва истиқболли ходимларни жалб қилиш, ёш мутахассисларга ишга жойлашишда кўмаклашишдан иборат.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида кадр тайёрловчи Тошкент ахборот технологиялари университети, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларни турли мутахассисликлар бўйича 25 мингдан зиёд ёшлар битириб чиқмоқда.
Мазкур ярмарка уларни иш билан таъминлаш, бўш иш ўринларига йўналтириш, мавжуд бўш иш ўринлари, талаб ва эҳтиёжни ўрганиш мақсадида анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.
Ярмаркада иш изловчи сифатида нафақат талабалар ва ОТМ битирувчилари, балки мамлакатимиздаги ИТ-мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунар коллежлари ва лицейлари ўқувчилари ҳам иштирок этдилар.
Бу каби тадбирларни республикамизнинг барча минтақаларида ёз мобайнида ўтказиш кўзда тутилган.





