Украина мактабларида олтита — биология, география, физика, кимё, иқтисод ва астрономия фанларини дастурдан олиб ташлаб, “табиий фанлар” номи остида битта предметга бирлаштириш кўзда тутилди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.
Мазкур лойиҳа жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, Украина умумтаълим мактабларида синов тариқасида жорий этилади. “Табиий фанлар” курси аввало аниқ фанлардан имтиҳон топширишни истамаганлар учун мўлжалланган.
Бу дастур ижтимоий-гуманитар, спорт ва бадиий-эстетик йўналишда таълим олувчилар учун ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, “табиий фанлар”дан дарс берувчи ўқитувчилардан малака ошириш курсларига бориш талаб этилмайди ва мажбур қилинмайди.
2016 йилнинг август ойида Киев Украина мактабларида биринчи ва иккинчи синфларда қўшув амалларини ўргатишни дастурдан бутунлай олиб ташлаган эди.
2017 йилнинг сентябрь ойида эса Украина юқори Радаси мактабларда фақат украин тилида дарс берилиши ҳақида қарор қабул қилган эди.






