Қирғизистон Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги оқ қалпоқ миллий бош кийимига маданият рамзи мақомини бериш ва чет элдан бундай товар олиб киришни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилган.
Маданият вазирлиги таклифнинг мақсади миллий анъаналарни қўллаб-қувватлаш ва қирғиз халқининг миллий маданият учун фахрланиш туйғусини ривожлантириш, шунингдек, қирғиз халқи қадриятларини ва Қирғизистондаги ёш авлоднинг маънавий тарбиясини кенг тарғиб қилиш эканини билдирмоқда.
«Охирги вақтларда миллий бош кийимга нисбатан ҳурматсизлик каби бир қатор салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусий тадбиркорлар қўшни мамлакатларда синтетик материаллардан тайёрланган тайёр қалпоқлар олиб киришаяпти. Бу чет эллик меҳмонлар томонидан ҳақиқий оқ қалпоқнинг қабул қилинишига салбий таъсир ўтказмоқда», — дейилади асословчи маълумотномада.
Бу идорадагилар шу муносабат билан тайёр миллий бош кийим — оқ қалпоқларни бошқа давлатлардан олиб киришни тақиқлаш бўйича маълум чоралар кўриш зарурияти юзага келяпти, деб ҳисобламоқда.
Аввалроқ парламентда Президент ва спортчиларга чет элда оқ қалпоқ кийиб юриш мажбуриятини юклаш таклиф қилинган эди. Бешинчи март Қирғизистонда оқ қалпоқ ва қирғиз миллий кийимлари куни сифатида нишонланади.






