АсосийJamiyat

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ватиканнинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди

5 май куни Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Ватикан Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Иван Юркович Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқ Юсупов қабулида бўлди.

Иван Юркович Ўзбекистонга бу сафар келганида жуда кўп ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлганлигини қайд этди, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати. Жумладан, католик черковининг ишга тушиши муносабати билан Урганч шаҳрига борганлиги ва у ердаги диндорлар ҳаёти билан танишиш билан бир қаторда маҳаллий ҳокимият ходимлари, шунингдек, ўзини-ўзи бошқариш идоралари вакиллари билан учрашувлар ўтказганлигини маълум қилди.

Қўмита раиси томонидан дарҳақиқат, юртимизда кун сайин ижобий ўзгаришлар бўлиб турганлиги, динлар ҳамда диндорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар тобора ривож топиб бораётганлигини таъкидланди.

Юркович нафақат католикларнинг байрамлари, балки бошқа дунёвий ва диний байрамлар ҳамда тадбирларда иштирок этиш истагида эканлигини изҳор этди. Ортиқ Юсупов ҳам бу таклифни маъқуллаб, Дин ишлари бўйича қўмита иштирокида ташкил этиладиган йирик тадбирларга албатта элчи жанобларини таклиф этишларини маълум қилди.

Шунинг билан бирга, кейинги сафар Тошкент ислом университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан алоҳида учрашув ўтказиш мумкинлигини ҳам билдириб ўтилди.

Қўмита раиси Рим-католик черкови Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ноисломий диний ташкилотлар орасида ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бориши билан ажралиб туришини ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиб келаётганини алоҳида таъкидлаб, кўтарилган масалаларда қонун доирасида кўмак кўрсатилишини маълум қилди.

 

    Бошқа янгиликлар