Барчага маълумки, Darakchi.uz сайтида фарзанди саломатлигидан ҳавотир бўлаётган онанинг шикояти хусусида туркум мақолалар чоп этилган эди. Бугун она Муяссар Юсупова ўғли Арслон Юсуповга аниқ ташҳис қўйиш мақсадида Республика ихтисослашган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизди.
Муяссар Юсупованинг бизга бу ҳақда ёзиб юборган мурожаатида шундай дейилади: “Ассалому алайкум «Даракчи», мен сиздан узр сўраган ҳолда шуни маълум қиламанки, ўғлим Арслонбек Юсупов 2014 йил 2 май куни Республика ихтисослашган Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг ташхис бўлимига ётқизилди. Хозирда у шифокорлар назоратида. Кейинги пайтларда унда қон камайиши кузатилаётганди. Лекин Марказдаги ташҳисларда гемоглобини 129 чиқди, рости ишонмадим, сабаби Она ва боланинг гемотология бўлимида бир ой олдин 92 чиққанди. Шунга шифокорлардан қайта текширув ўтказишларини сўрадим. Улар бунга рози бўлишди.Ўғлим хозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Керакли тиббий текширувлар ўтказилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ўғлимнинг саломатлигига хавф соладиган жиддий касаллик йўқ. Мен фарзандимни мазкур Марказ шифокорларига ишониб топширишдан олдин кўп ўйладим, ҳатто уйга шифокор ёллаб боламни даволатмоқчи ҳам эдим. Аммо гап боламнинг соғлиғи, келажак ҳаёти ҳақида борар экан, мен она сифатида ўғлимни фақат энг тажрибали шифокорлар текширишларини истадим. Мен уларга боламнинг ҳаётини ишондим, умид қиламанки , улар ишончимни оёқ ости қилмайдилар.Шу фикрда ўғлимни мазкур марказга ётқиздим. Таниқли профессор ва шифокорларнинг ўғлимни диққат билан текширишаётгаларини кўриб, хато қилмаганимни тушуняпман. Хатто ўғлимнинг юзида яна яшашга бўлган иштиёқни кўряпман. Унда сўнгги пайтларда тушкун кайфият ҳукмрон эди. Энди эса даволанса ҳаммаси ўтиб кетишига, соғайиб кетишига ишончи комил. Менга “Ўғлинг Вильсон Коновалова хасталигига чалинган бўлиши мумкин” деган шифокорларга айтар гапим бор, қачондир кимгадир шундай гапни айтишингизга тўғри келса ўша одамга нисбатан эътиборли бўлинг, ҳеч ҳам ўша инсонни кўчага ташлаб қўйманг, унинг касалхонага жойлашишига ёрдам беринг, аҳир бемор ва унинг яқинлари учун шифокор нажот фариштаси бўлиб кўринади. Олдингизга келган кимса борки, сиздан хурсанд кетсин. Номингизни улуғлайдиган ҳам ерга урадиганлар ҳам ўшалар бўлади.” Мени дардимга шерик бўлиб, керак пайти менга ёрдам қўлини чўзган, фарзандим соғлиғига бефарқ бўлмаган, вақтини аямасдан фарзандимни касалхонага жойлаштиришга ўз ҳиссасини қўшган “Даракчи” газетаси ходими Барно Мадалиева ва “Darakchi.uz” муҳаррири Лайло Рустамоваларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва уларга фарзандлари камолини кўришни, ишларига ривож тилайман, доимо уларни бахт тарк этмасин!
Яна шуни айтишни истардимки, мени баъзилар боласига қарамаганга чиқарибди. Мен бу гапни қайси шифокор ёзганиниям биламан. Ўша одамларга айтар гапим “дардни Худо беради уни хеч ким на ўзи ва на фарзандига тиламайди. Мен қандай яшаганимни ҳеч ким билмайди. Узр сўраган ҳолда айтмоқчиманки, онкологнинг оиласида мия саратони, терапевтнинг оиласидан ошқозон саратонидан ўлганларнинг гувоҳи ҳам бўлганман. Буларни ёзганим учун мени худойим ўзи кечирсин. Майли камбағалдирман аммо ҳеч қачон фарзандларимни эътиборсиз қолдирмаганман. Мен онаман ҳамма болаларни ўз боламдай кўраман, тилагим ҳеч қачон фарзандаларимиз касал бўлишмасин”.
Аёлнинг илтимосига кўра, унинг мазкур мурожаатини тўлиқлигича нашр қилишга қарор қилдик. Таҳририят эса ўз ўрнида боланинг тезроқ шифо топишига тилакдош ҳамда мазкур вазиятни назоратга олган шифокорларга минатдорчилик билдиради.





