Cанъатда ўз ўрнига эга бўлиш осон эмас. Саида РАМЕТОВА 36 йилдан бери шу “қозон”да қайнаётган ижодкорлардан. Бу актрисага асосан ўйнаган роллари орқали баҳо беришади. Суҳбатдошим қаттиққўл, бироз дийдаси қаттиқ аёл бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо қалби дарё ва меҳрибон она, энг муҳими меҳнатдан қочмайдиган захматкаш аёл эканига амин бўлдим...
— Ассалому алайкум, Саида опа. Баҳор — илҳомбахш фасл. Айниқса, ижодкорлар буни яхшироқ ҳис қилишса керак?
— Жуда тўғри! Ҳар бир кун кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Байрамларнинг кўплиги билан ҳам бу фасл инсонни хушнуд қилади. Яқинда дала-ховлимизда санъаткор дўстлар, курсдошлар ва барча қадрдонларимиз даврасида сумалак тайёрладик. Бу — тўртинчи йили йиғилишимиз. Йилдан-йилга меҳмонларимиз сони ортаётгани мени ҳам, турмуш ўртоғим — Жумадилла Раметовни ҳам қувонтирмоқда. Чунки бу дийдор орамиздаги меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлайди.
— “Ижодим гуллаб-яшнаяпти” деёласизми?
— Янгиликлар кўп. Бир неча фильмларда иштирок этдим. Режиссёр ва маданият ҳодимларидан миннатдорман. Чунки улар томонидан билдирилаётган фикрлар, соҳада фаолиятини янада яхшилаш мақсадида ўтказилаётган турли мажлислар сабаб, ижодимизни тарози палласига қўйиш, қайси ролимиз тош босаётгани, қайсиниси енгил-елпилигини англаш имконини беряпти. Театр ва киноларда ҳам янги мавзуларга қўл урилмоқда. Энг муҳими, томошабин олдидаги масъулиятни оқлаяпмиз. Ахир ҳар қандай фильм ёки спектакл аввало одамларга маънавий озуқа бериши керак. Мени қувонтиргани яқин орада ўйнаган ролларимнинг ҳаммаси ижобий. Томошабинлар “Саида Раметованинг бундай жиҳатлари ҳам бор экан”, дейишса керак (кулади). 30 қисмли “Аммажонлар” сериалида амма ролини ижро этдим. Шунингдек, “Опа-сингиллар” сериалини давомини суратга олдик. Ҳозир овозлаштириш жараёнидамиз.
— Фильмларда кўринмай қолгандингиз. Режиссёрлардар таклифлар тушаётган бўлса, демак, иштирокингизда кетма-кет кинокартиналар катта экранларни “безаркан-да”?
— Бир-иккита лойиҳалардан бош тортдим. Чунки томошабиннинг меъдасига тегиб қолишдан қўрқаман. Ролларимни соғиниб кутишларини хоҳлайман. Энг муҳими, ролларим тарбиявий аҳамияти эга бўлиши керак. Ҳатто, салбий қаҳрамонларимда ҳам ушбу мақсадни кўзлайман. Шу кунгача ҳеч бир одамдан салбий ролим учун танқид эшитмаганман. Аксинча кўпчилик ўша дийдаси қаттиқ, жахлдор қайнона ролимдан ҳам қандайдир ижобий хулоса олганини айтади. Бу — катта бахт!
— Аслида ижобий ролни маза қилиб ўйнайсизми ё салбий?
— Албатта ижобий роллар ёқади. Бироқ унинг “юк”и, фалсафий характери, дарди бўлиши керак. Тун бор экан, кунни қадрлаймиз. Шундай экан, салбий қаҳрамонлар орқали ижобий ролларни авайлашга ўрганамиз. Қатор ёмон ролларни ижро этганман. Лекин негадир шу йилдан бошлаб, ижобий образларни ўйнаш истаги туғилди. Асосан мунис оналарнинг дардини юракдан ижро этишга ҳаракат қилдим. Балки гапларим кимгадир эриш туюлиши, “ўзини мақтаяпти”, дейишлари мумкин. Режиссёрлар ҳам “Саида опа, бу ролларингиз билан кўпчиликни йиғлатасиз. Чунки монтаж жараёнида ўзимиз йиғладик”, дейишди.
— Роллар ҳақида гап кетганда, яна бир савол: ўзингиз кўришни истамайдиган ролларингиз борми?
— Йўқ! Баъзан мухлислар “Бекор бундай роль ўйнабсиз, сизга ярашмабди”, дейишади. Мен актрисаман, жамиятнинг кўзгудаги аксини ўз роларимизда кўрсатамиз. Рости, одам савдосига қарши курашишни тарғиб қилган “Уқубат” фильмида менга таклиф этилган ролни ижро этишдан бош торганман. Шунда режиссёр ва сценарий муаллифи айнан менинг иштироким кераклигини айтишган. Чунки бу ролни фақат салбий томонини эмас, унинг дардини ҳам кўрсатиш керак эди-да! Фильмда қаҳрамоним қизларни йиғиб “Дубай, Туркияга юбориб, сизларни қонунуий иш билан таъминлаймиз”, дейди. Бу гапни кулиб гапиради-ю, ичида шундай чиройли қизларни увол бўлаётганини ҳис қилиб, кўзи ёшланади. Кўпчилик томошабинлар “Шу ролни бекор ўйнабсиз”, дейишган. Аммо ҳамкасбларим илиқ фикрлар айтишган.
— Доим театрдаги жонли ижронинг завқи ҳақида тўлқинланиб гапирасиз. Аммо жонли ижрода хатолар ҳам бўлади. Бундай вазиятлардан қандай чиқасиз?
— Партнёр хушёр бўлса, бундай муаммоларни осон ҳал этиш мумкин. Буни футболдаги ўйинчиларнинг ҳаракатига қиёсласа бўлади. Актёрлар ҳамиша ҳушёр бўлади, шериги янглишса, хатосини силлиқлаб кетади. “Имправизация” сабаб комедияда ноқулай вазиятлар бўлмайди. Бу ролини бойитади.
— Узоқ йиллар Ўзбек Миллий академик драма театрида фаолият юритдингиз. Энди эса мухлислар сизни Муқимий номидаги мусиқали драма театри саҳнасида кўришяпти. Бу вазиятни ҳамма ўзича изоҳлади...
— Тақдирим жуда қизиқ... Институтни тамомлаб, ҳозирги Ўзбек Давлат драма театрига ишга кирганман. Лекин 15 йилдан кейин баъзи сабабларга кўра театрни тарк этдим. Ҳеч ким ҳайдамаганди. Чунки оила, турмуш ўртоғим каби касбимга ҳам содиқ эдим. Сира асбимга хиёнат қилмаганман! Санъаткор бўлганимдан уялмайман ҳам, афсусланмайман ҳам. Тўғри, ўшанда кетиш осон бўлмаган. Ҳатто тушкунликка тушиб, бутунлай театр саҳнасини тарк этмоқчи бўлганман. Тухмат, ёлғон сабаб шундай қарорга келгандим... Ўшанда турмуш ўртоғим менга далда бўлган, “Теарт учун туғилгансиз”, деганди. Руҳланиб Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга кирганман. Бу ерда салкам 20 йил ишладим, эрка актриса эдим. Бу даргоҳдан ҳам ҳеч ким ҳайдамади. Ўзим ариза ёзиб бўшадим. Кинода роль ўйнайманми, тўйга бораманми, нимаки қилмай театрга хиёнат қилмаганман. ҲЕЧ ҚАЧОН! Менга “Темир хотин” дея таъриф беришади. Доимо ҳаммасига улгурганман. Театрдаги хатога йўл қўйишим англашилмовчилик эди. Раҳбариятнинг сўзи менга тўғри келмади ва акси. Шу тариқа кетишга мажбур бўлдим, лекин соғинаман! “Вақт - олий ҳакам” дейишади. Ҳаммаси ойдинлашиб, улар хатоим у қадар кўп эмаслигини англашди. Мен ҳам ўтган бир йил ичида барини тушуниб етдим, нафақадаман. Муқимий номли мусиқали драма театрига ишга кирмадим. Шунчаки эркин ижодкорман. Исталган театр спектаклига таклиф қилса, албатта роль ижро этаман. Маош ҳам керакмас! Ҳатто таклиф этишса вилоят театрлари ҳам бораман, чунки театр мен учун муқаддас.
— “Темир хотинман” дедингиз. Уй ишларига-чи, тобингиз қалай?
— Уй ишларини яхши кўраман. Яхши уй бекаси эканлигимни яқинларим билади. Юмушларни мароқ билан бажараман, бу кучимни икки ҳисса оширади. Илоҳим кенжатойим Азизжонга ҳам яхши қиз учрасин. Уни бу йил уйлантиришни режалаштирганмиз.
— Келинингиз санъат соҳасидан ҳам бўлиши мумкинми?
— Доим келинларимнинг бири тикувчи, иккинчиси шифокор бўлишини орзу қилганман. Катта келиним тикувчи. Энди бу ёғига вақт кўрсатади. Агар бўлғуси келиним санъаткор бўлса ҳам бажонидил қабул қиламан ва ижодини қўллаб-қувватлайман.
Ҳадия АДБУЛЛАЕВА суҳбатлашди.





