Сиз саҳифадаги каби муаммоларга дуч келмасликни истасангиз, “Ўзбекэнерго” татбиқ этган “Электрҳисоб” тизимидан фойдаланинг.
Тизимга уланиш учун манзилингиз бўйича электр тармоқ корхонасига мурожаат қилинг ва телефон рақамингизни рўйхатдан ўтказинг. Рўйхатдан ўтганлигингиз тўғрисида SMS-хабар келади ва Сизга “Ўзбекэнерго” веб-сайтининг шахсий кабинетига кириш учун логин тақдим этилади. SMS-хабар орқали паролга эга бўласиз.
“Электрҳисоб” ёрдамида истеъмол қилинган электр энергияси учун амалга оширилган тўлов маълумоти ва ҳисоблагичнинг охирги кўрсатгичи тўғрисида SMS-хабар олиш имкониятига эга бўласиз.
ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДА ФАҚАТ “ЎЗБЕКЭНЕРГО” ЖАВОБГАРМИ?
“Қарзимиз йўғ-у, аммо токни нега узиб қўйишяпти?” “Тўловларни тўлаганмиз, компьютерга нега киритилмаган?” “Электр тўлови учун ойликдан чегириш тўғрими?” Электр таъминоти, қарздорликнинг асослилиги, тўловлардаги тафовутлар билан боғлиқ айни шунга ўхшаш саволлар таҳририятга муштарийлар томонидан бўладиган энг кўп сўровлардан биридир.
“Даракчи” газетасининг айни шу рукни орқали электр таъминотида учраётган камчиликларнинг барҳам берилиши, тўловлар билан боғлиқ эътирозлар сабаблари “Ўзбекэнерго” АК амалий кўмаги билан мунтазам ўрганилиб, ойдинлик киритилмоқда. Аммо шунга қарамай, бу борадаги мурожаатлар ҳамон учраб турибди. Қуйида мазкур компаниянинг “Ўзэнергосозлаш” унитар корхонаси директор ўринбосари О.Рафиқов имзоси билан тақдим этилган маълумотлар адаги саволларга аниқлик киритади, деган умиддамиз.
ТАЛАБ АСОСЛИМИ?
Яқинда электр ҳисоблагичларининг сим карта билан ишлайдиган турини ўрнатишди. Аммо ўрнатиш учун пул талаб қилинмоқда. Шу асослими?
Маҳамадиёр Исмоилов, Қашқадарё вил., Ғузор тумани (+99891462-08-65)
— Барча турдаги маиший электр ҳисоблагичларни харид қилиш, мажбурий давлат текширувидан ўтказиш, синаш, ҳисобдан ўтказиш, пломбалаш ва ўрнатиш бўйича ишлар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ҳисобига амалга оширилади.
КОМПЬЮТЕРГА КИРМАГАН ТЎЛОВЛАР
Электр энергияси тўловларининг компьютерга киритилмагани учун ким жавобгар ҳисобланади? Бундай ҳолларда қандай чора кўрилади?
Фахриддин Санаев, Самарқанд вилояти, Сиёб тумани, Фарход кўчаси
— Электр энергияси учун ҳисоб-китобларлар электр таъминоти шартномасига мувофиқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки истеъмолчининг ўзи томонидан ёзиладиган тўлов ҳужжатлари бўйича амалга оширилади.
Тўловлар истеъмолчи ишлайдиган корхона томонидан электр энергияси истеъмоли учун чегириб қолиниши, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 15.05.2001 йилда 1031-сон билан рўйхатга олинган “Ташкилотлар ва муассалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун хақни иш хақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ҳамда ходимнинг аризасига биноан тартибга солинади. Ушбу Низомга асосан маблағларнинг тегишли коммунал ташкилотлар ҳисоб варағига ўз вақтида ўтказилиши учун корхоналарнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари жавобгар бўладилар.
ТАҲРИРИЯТ: Аммо истеъмолчи тўловларни тўлов шахобчаларида амалга оширган бўлса-чи? Тақдим этилган маълумотларга кўра, агар бундай ҳолатда тўловлар компьютерга киритилмагани кузатилса, у ҳолда истеъмолчи тўлов квитанциялари билан ҳудудий электр тармоқларига мурожаат этиб аниқлик киритилади. Бу ҳолатда аниқланган камчилик бўйича Ҳудудий электртармоқ корхонаси раҳбарияти томонидан ўрнатилган тартиб асосида чора кўрилади.
“ҚАРЗДОРЛИГИМИЗ ЙЎҒ-У, АММО...”
Қиш мавсумида бизнинг ҳудуд на электр энергияси ва на газ билан таъминланди. Қарздорлигимиз умуман йўқ. Фарзандларим билан ниҳоятда қийналиб қолдик, доимий даволанишда бўлдик. Ушбу ҳолатларни ким назорат қилади? Ёки электр энергиясини тежаш мақсадида бирор кўрсатма берилганми?
Умида Халломова, Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани,
Шаббоз ҚФЙ
— Қиш мавсумида, истеъмолчилар томонидан электр энергиясига бўлган талабнинг ошиб кетиши натижасида электр тармоқларида юкламанинг кучайишига ва ҳимоя автоматика тизимининг ишлаб кетиб, тармоқнинг узиб қўйилишига сабаб бўлмокда. Шунингдек, юқори кучланишли электр тармоқларида содир бўлиши мумкин бўлган аварияларни олдини олиш зарурати туфайли ҳамда режали таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида электр тармоқларини қисқа муддатга узишга тўғри келган.
Бундан ташқари энергетика тизимида қувват танқислиги даврларида юкламани камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли Қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари" талабларига қатъий риоя этган ҳолда маҳаллий ҳокимият билан келишилган чеклаш жадвалига мувофиқ чеклашлар киритилади.
ТАҲРИРИЯТ: бунга эътироз йўқ. Аммо, бизнингча, айнан куннинг қайси вақтида қанча муддатга тугишли ҳудудда электр таъминотида узилиш бўлиши ҳақида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси маҳаллий ҳокимият билан биргаликда аҳолини хабардор қилиш лозим. Эҳтимол ўшанда тизимда англашилмовчиликлар ва ўринсиз эътирозларга ҳожат қолмасди. Ҳа, яна бир гап: авария ҳолати кузатилганда бундай огоҳлантиришлар мустасно.
“ОЙЛИКДАН ЧЕГИРИШЯПТИ, БУ ТЎҒРИМИ?”
Биринчи савол: ойлик ва нафақалардан тўғридан-тўғри коммунал тўловларга, хусусан электр энергияси истеъмоли учун чегириб қолинадиган пулларни назоратга олиш кимнинг зиммасида? Сабаби тўловларнинг компьютерга киритилмагани натижасида аҳоли электр қарздорлиги пайдо бўлиб, истеъмолчи қўлидаги квитанция орасида фарқ юзага келмоқда.
Одил Чориев, Қарши шаҳри
— Ойлик ва нафақалардан тўғридан-тўғри коммунал тўловларга, хусусан электр энергияси истеъмоли учун чегириб қолиниши, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 15.05.2001 йилда 1031-сон билан рўйхатга олинган “Ташкилотлар ва муассалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун хақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ҳамда ходимнинг аризасига биноан тартибга солинади. Ушбу Низомга асосан маблағларнинг тегишли коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўз вақтида ўтказилиши учун корхоналарнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари жавобгар бўладилар.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Гарчи юртимизда биз сўз юритган масала ҳам амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари билан тартибга солинса-да, гувоҳи бўлганингиздек, айрим эътирозли ҳолатлар учраб турибди. Бу нимадан далолат? Бизнингча, бу борадаги тартиблардан истеъмолчиларнинг тўла хабардор эмаслиги, ўз ҳуқуқлари қонуний ҳимоядалигини билмаслигидан. Бироқ фақатгина уларни айни шундай бехбарликда айблаб муаммоларга ечим топиб бўлмайди. Бунинг учун таклиф ўрнида айтиш мумкинки, уларнинг ана шу тизимда дуч келаётган сўров ва мурожаатларига мазкур соҳанинг ҳудудий масъуллари ҳам озгина вақт ажратиб, тушунтириш ишларини йўлга қўйишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Барно МАДАЛИЕВА тайёрлади





