Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул ва пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиб-қоидаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вазирлик тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, шифокорлар иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Мамлакатимизда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ва пуллик хизмат кўрсатишнинг замонавий тизими яратилган. Бу борадаги ишлар «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида тартибга солинмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида ва давлат тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари, қишлоқ жойлардаги тиббиёт масканларида кўрсатиладиган тиббий ёрдам, юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари киради. Мамлакатимизда ижтимоий хавфи юқори бўлган сил, ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик, касб касалликларига чалинган беморларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ҳам бепул амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, болалар, ўсмирлар, чақирув комиссияси йўлланмасига эга бўлган чақириқ ёшидаги фуқаролар, ҳомиладор аёллар, имтиёзли тоифага эга аҳоли қатлами ҳам бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинган. Шу мақсадда сарфланаётган барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётир.
Бозор ислоҳотлари шароитида аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида тиббиёт тизимида пуллик хизматни жорий этиш муҳим омил саналади.
Айни пайтда бу йўналишда кўплаб хусусий тиббиёт муассасалари самарали фаолият юритмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида ҳам пуллик хизмат кўрсатишнинг замонавий тамойиллари жорий этилган. Бу аҳолининг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлик даражасини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ривожлантириш, жаҳон тиббиёти ва илм-фани эришаётган илғор ютуқларни тиббиёт тизимига кенг жорий этишга хизмат қилаётир.
Кейинги йилларда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида вазирлик томонидан ўнга яқин меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимларининг билим ва малакасини ошириш бўйича ўқув семинарлар ташкил этилаётир.
Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида аҳолига бепул ва пуллик тиббий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ва амалий механизмлари, бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш истиқболлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.





