АсосийJamiyat

Лицензиясиз фаолият кўрсатган ҳайдовчиларга нисбатан 2,5 миллиард сўм миқдорида жарималар қўлланилди

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар, соҳада эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Автомобиль транспорти хизматлари бозорида рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида йўловчи ташиш йўналишлари очиқ тендер танловлари орқали амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 27 тендер ўтказилиб, йўловчи ташиш бўйича 225 йўналиш жойлаштирилди. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга 727 лицензия ва 44 минг 700 га яқин лицензия варақаси берилди. 
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда автотранспорт тизимида 4300 дан ортиқ йўловчи ташиш йўналиши фаолият кўрсатмоқда. Мазкур йўналишларнинг 1000 дан ортиғи шаҳар, 2700 га яқини шаҳар атрофи ва 640 зиёди шаҳарлараро йўналишлардир.
Вилоятларда ҳокимликлар билан биргаликда йўналишларда йўловчилар оқими ва аҳолининг йўловчи ташиш хизматига бўлган эҳтиёжлари тўлиқ ўрганилиб, автокорхоналардаги мавжуд транспорт воситаларини янгилашда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Январь-март ойларида Фарғона вилоятида 82, Тошкент вилоятида 13 ва Навоий вилоятида 4 “ISUZU” русумли автобус лизинг асосида харид қилиниб, шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларига йўловчи ташиш учун қўйилди.
Тизимда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва давлат солиқ органлари билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатилган. Мазкур ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган мингдан ортиқ қўшма рейд давомида 16 минг 693 ҳолатда автотранспорт эгаларининг лицензиялаш соҳасида қонунбузилишларга йўл қўйгани аниқланди. Натижада лицензиясиз фаолият кўрсатган шахсларга нисбатан 2 миллиард 548 миллион сўм миқдорида жарималар қўлланилди.
Агентликда дарё транспортини ҳисобга олиш, классификациялаш, техник ҳолатини назорат қилиш ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказиш мақсадида 10 корхона билан ўзаро шартномалар тузилди. 

    Бошқа янгиликлар