АсосийJamiyat

Баҳор-ёзда сел-тошқинларни талафотсиз ўтказиш мақсадида тезкор штаблар ташкил этилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан сел-тошқин ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзгидромет” маркази, Геология ва минерал ресурслар Давлат  қўмитаси, “Ўзавтойўл” компанияси масъул ходимлари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.

Жорий йилнинг ўтган даврида “Ўзгидромет” маркази, Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли туманларидаги қор кўчиш ва сел келиш хавфи бўлган ҳудудларни ўрганиш бўйича 4 маротаба аеровизуал кузатув олиб борилди.

- 2014 йилда мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини сел-тошқинлар ва ер кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар белгиланган, - дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Аброр Қосимов. - Шунга мувофиқ, табиий офат хавфи бўлган ҳудудларда яшаётган аҳолини муҳофаза қилиш, дарё ва сойларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тозалаш ишлари учун кечиктириб бўлмайдиган муҳандислик ҳимоя тадбирларини амалга ошириш, тошқинларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётир. 

Баҳор-ёз мавсумида сел-тошқинларни талафотсиз ўтказиб юбориш, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида тезкор штаблар ташкил этилиб, улар алоқа ва автотранспорт воситалари билан таъминланди.

Аҳоли ва ҳудудларни тошқинлардан ҳимоя қилишдаги асосий тадбирлардан бири бу - сел йўлларининг сув оқимини тўлиқ ўтказувчанлик ҳолатини таъминлашдир. Шу мақсадда сув омборлари, селхона ва сел йўллари ҳолати ўрганиб чиқилди.
“Ўзгидромет” маркази ҳамда Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси ходимлари томонидан хавфли ҳудудларда жойлашган хўжаликларга огоҳнома ва кўрсатмалар берилган. Ушбу ҳудудлардаги вазиятни назорат қилиш мақсадида назорат-кузатув постлари ташкил этилган.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудларини сел-тошқинлар ва ер кўчкиси ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

    Бошқа янгиликлар