АсосийJamiyat

Британия вазири Саида Варси Олий Мажлис Сенатида музокара ўтказди

15 апрел куни мамлакатимизга Буюк Британия Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик масалалари бўйича катта давлат вазири Саида Варси ташриф буюрди.

16 апрел куни вазир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида музокара ўтказди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик қатор жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил тараққий этаётгани, мазкур йўналишдаги алоқаларни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани алоҳида таъкидланди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи ҳамда Буюк Британия парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи ўртасида имзоланган англашув меморандуми парламентаризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари  муҳокама қилинди.  Жамиятни ривожлантиришда парламентнинг ўрни кенгайиб бораётгани қайд этилди.

– Ўзбекистонда мамлакатни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Саида Варси. – Буюк Британия Ўзбекистон билан бу йўналишда фаол тажриба алмашиш тарафдори. 

Саида Варсининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлган учрашуви чоғида Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари таъминланаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни тўлиқ бажариб келмоқда. Бу борада БМТнинг тегишли органлари, ихтисослашган механизмлари билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш  юзасидан фикр алмашилди.

Буюк Британия делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам музокара ўтказди. 

    Бошқа янгиликлар